Рим папасининг ўпкасида тугун борлиги аниқланди

World

−

image

Рим папаси Лео XIV ўпкасида аниқланган тугунни олиб ташлаш учун операция қилинади. 71 ёшли папанинг жарроҳлик амалиётидан кейин шифохонада бир ҳафта қолиши кутилмоқда. Бу ҳақда у кеча, 11 октябрь куни Ватикан ҳудудидаги Авлиё Пётр майдонида якшанба ибодати учун йиғилганларга маълум қилди.

“У жуда эрта босқичда аниқланган ва аниқ чегараларга эга. Шифокорлар операция ўтказишни маъқул кўрди. Шу сабабли, уларнинг тавсиясига амал қилиб, тугунни олиб ташлаш учун операция қилинишга қарор қилдим”, деган у.

Маълумот учун, ўпка тугуни – ўпка тўқимасида ҳосил бўладиган кичик, зич тўқима бўлаги. Бундай тугунларнинг аксарияти саратон билан боғлиқ эмас. Бироқ ёш каби айрим омиллар хавфни ошириши мумкин. Ҳозирча Рим папасининг ўпкасида аниқланган тугун яхши ёки ёмон сифатли экани ҳақида маълумот берилмаган.

Ватикан маълумотига кўра, операция келаси ҳафтанинг бошида ўтказилиши режалаштирилган. Бу даврда Ватикан одатдагидек фаолият юритишда давом этади, бироқ Рим папасининг имзосини талаб қиладиган қарорлар вақтинча тўхтатиб турилади.

Лео XIV, умуман олганда, соғлом экани билан танилган. У теннис ўйнайди ва жисмоний фаоллигини сақлаб келади. Ундан аввалги Рим папаси Франциск эса ҳаётининг сўнгги ойларида соғлиғида бир қатор муаммоларига дуч келган ва узоқ вақт шифохонада даволанган.

Шунингдек, Рим папасининг 6–17 ноябрь кунлари Лотин Америкасига ташрифи режалаштирилган. Сафар давомида у Уругвай, Аргентина ва Перуга бориши керак. Операция ва тикланиш жараёни ушбу сафар дастурига таъсир қиладими ёки йўқми, ҳозирча маълум эмас.

Италия Бош вазири Жоржа Мелони ҳам Рим папасини қўллаб-қувватлашини билдириб, яқин кунларда дуч келадиган синовида унга далда берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рим папаси Лео XIV Францияга ташрифи чоғида сунъий интеллект ва бошқа янги технологиялар инсоният табиатига оид асосий саволларни келтириб чиқариб, инсон ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends