Ўзбекистон элчиси Ливан Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг Ливанга янги тайинланган элчиси Абдусалом Ҳотамов ушбу мамлакат Президенти Жозеф Аунга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида Президент Жозеф Аун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Ливан билан икки томонлама алоқаларини ривожлантириш мақсадида элчи тайинлагани учун самимий миннатдорлик билдириб, ўз саломларини йўллаган. 

Шунингдек, Ўзбекистон элчиси Ливан Ташқи ишлар вазири Юсуф Ражжи билан ҳам учрашган. 

Томонлар Ливан ва Ўзбекистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор бўлишини билдириш баробарида, турли даражалардаги икки томонлама ташрифлар ташкил қилиш, маданият кунларини ўтказиш ва ўзаро туристлар оқимини ошириш қаратилган тадбирлар уюштириш таклифларини қўллаб-қувватлаган.

Маълумот учун, араб, рус ва инглиз тилларини билувчи дипломат 2018–2024 йилларда Ўзбекистоннинг Екатеринбург (Россия) шаҳридаги Бош консуллигини бошқарган. 53 ёшли Ҳотамов Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Бухоро вилоятидаги давлат тузилмаларида бошлаган ва Бухоро давлат университетида араб тилидан дарс берган. 1999 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб келмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Абдусалом Ҳотамов 2024 йилнинг 4 февраль куни Ўзбекистоннинг Уммондаги элчиси сифатида Маскат шаҳрига ташриф буюрган эди. 2024 йил март ойида эса у Уммон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саидга ишонч ёрлиқларини топширган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ливан Жозеф Аун Абдусалом Ҳотамов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг