Исроил ва Ливан ўртасидаги Рим музокаралари қачон бўлиши айтилди

Олам

image

Исроил ва Ливан ўртасида келаси ҳафта Римда ўтказилиши режалаштирилган музокаралар октябрга қолдирилди. Томонлар ўртасидаги мулоқот АҚШ воситачилигида давом эттирилади. Бу ҳақда “Axios” АҚШ расмийсига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, музокараларнинг қолдирилишига яҳудийлар байрамлари, Парижда Ливан армиясини қўллаб-қувватлаш бўйича конференция ҳамда БМТ Бош ассамблеясига тайёргарлик ишлари сабаб бўлган. Шунингдек, АҚШ расмийсига кўра, Исроил ва Ливаннинг Вашингтондаги элчилари келаси ҳафта АҚШ Давлат департаментида учрашиб, вазиятни муҳокама қилади.

Бу учрашувлар жорий йилнинг июнь ойида АҚШ воситачилигида келишилган доиравий келишувни амалга ошириш масалаларига бағишланиши кутилмоқда. Келишув Ҳизбуллоҳни қуролсизлантириш, Исроил қўшинларини Ливан жанубидан босқичма-босқич олиб чиқиш ва ушбу ҳудудга Ливан армиясини жойлаштиришни назарда тутади. АҚШ томони мазкур келишувни Ливан суверенитетини тиклаш ва Исроил хавфсизлигини таъминлашнинг асосий механизми деб ҳисобламоқда.

Маълумот ўрнида, Исроил ва Ливан ўртасидаги музокаралар аввал ҳам Римда ўтказилган. 2026 йил август ойидаги навбатдаги раундларда асосий келишмовчиликлар Ҳизбуллоҳни қуролсизлантириш ва Исроил қўшинларининг Ливан жанубидан чиқиши масалалари атрофида юзага келган эди.

Айни пайтда Ливан жанубида вазият ҳамон кескинлигича қолмоқда. АҚШ воситачилигидаги сулҳ келишувига қарамай, сўнгги кунларда Исроил ҳудудда ҳарбий амалиётларни давом эттирди. Ливан томони бу зарбалар музокараларга салбий таъсир қилаётганини билдирган бўлса, Исроил эса уларни Ҳизбуллоҳнинг қурол-яроғ инфратузилмасига қарши зарур чора сифатида изоҳламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армиясининг Ливаннинг турли ҳудудларига уюштирган авиазарбалари оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани, яна 20 киши жароҳат олгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг