Ўзбекистон элчиси Литва Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Жамият
−
13 Февраль
1456Жорий йилнинг 11 февраль куни Ўзбекистоннинг Литвадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Темур Раҳмонов Литва Президенти Гитанас Науседага ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Қайд этилишича, расмий маросимдан сўнг икки ўртада дўстона мулоқот бўлиб ўтган.
“Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Литва ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Литва Президенти расмий Вильнюс ва Тошкент ўртасидаги сиёсий мулоқот ва икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганини юқори баҳолаган.
Президент Гитанас Науседа, шунингдек, Литва томони Ўзбекистоннинг ЕИ доирасидаги ташаббусларини ва Жаҳон савдо ташкилотига кириш масаласини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Маълумот учун, Темур Раҳмонов 46 ёшда. Дипломат рус, инглиз, поляк ва испан тилларини мукаммал билади. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. ТИВ тизимидаги фаолиятини 1999 йилда бошлаган. Ўтган йиллар давомида у вазирлик марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Польша, Италия ва Испаниядаги элчихоналарида турли лавозимларда ишлаган. 2017–2018 йилларда Ташқи ишлар вазирлигининг Урганч шаҳри ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Хоразм вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. Темур Раҳмонов 2021 йилдан 2024 йил мартгача Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консул лавозимида ишлаган. Унинг консуллик округига Россиянинг Сибир федерал округи кирган. Ўтган йили у Ўзбекистоннинг Латвиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган ва 13 март куни Ригага етиб борган.
Эслатиб ўтамиз, 7 февраль куни Равшан Усмонов Исландия Президенти Халла Томасдоттирга ишонч ёрлиқларини топширганди.
LiveБарчаси