Ўзбекистон Бразилиядан ҳарбий самолёт сотиб олади
Жамият
−
03 Февраль 5703 2 дақиқа
Ўзбекистон Бразилиянинг Embraer компаниясидан C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётларини сотиб олади. Бу ҳақда бугун, 3 февраль куни Сингапурда бўлиб ўтган авиашоуда компания томонидан расман эълон қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари C-390 самолётларидан асосан транспорт ва гуманитар миссияларда фойдаланади, бу эса уларнинг имкониятларини сезиларли даражада оширади. Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси ҳарбий транспорт авиацияси бозорида туб бурилиш ясаётган ушбу самолётни эксплуатация қиладиган Марказий Осиёдаги илк давлатга айланади.
“Транспорт имкониятларини модернизация қилаётган Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларини C-390 операторлари сафига расман қабул қилаётганимиздан мамнунмиз. Марказий Осиёдаги етакчи ҳарбий-ҳаво кучларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг ушбу танлови биз учун катта шараф. Мазкур самолётнинг мукаммал ишлашини таъминлаш учун улар билан яқин ҳамкорликда ишлаймиз”, дейди Embraer Defense & Security президенти ва бош директори Боско да Коста Жуниор.
Маълумот учун, XXI асрда ишлаб чиқилган C-390 Millennium ўз синфидаги энг замонавий ҳарбий транспорт самолёти бўлиб, бошқа ўрта тоифадаги ҳарбий транспорт самолётларига нисбатан кўпроқ юк (26 тоннагача) таший олади, тезроқ ва узоқроқ масофага уча олади. У юк ва шахсий таркибни ташиш, техника ва ҳарбий хизматчиларни парашют орқали ташлаш, тиббий эвакуация, қидирув-қутқарув, ёнғинларни ўчириш ҳамда гуманитар операциялар каби кенг кўламли вазифаларни бажара олади. Самолёт вақтинчалик ёки қопламасиз учиш-қўниш йўлакларидан ҳам фойдалана олади. Тез ўрнатиладиган ҳаво-ҳавога ёқилғи қуйиш ускуналари билан жиҳозланган KC-390 конфигурациясида у ҳам ёнилғи қуювчи танкер, ҳам ёнилғи қабул қилувчи самолёт сифатида ишлай олади.
Live
Барчаси