Қозоғистонда қулаган самолётнинг қора қутиси Бразилияга етказилди

Олам

image

Қозоғистонда ҳалокатга учраган Embraer самолётининг қора қутилари таҳлил қилиш учун Бразилияга етказилди. Бу ҳақда Бразилиянинг g1 газетаси хабар берди.

Маълум қилинишича, аэронавтика бўйича мутахассислар ўтган йилнинг 25 декабрь куни Қозоғистонда ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутиларидаги маълумотларни таҳлил қилишни бошлаган. Шунингдек, Бразилия тергов ишларига ҳамкорлик қилаётгани ҳам қўшимча қилинган.

“Қозоғистондан уч нафар терговчи, шунингдек, Озарбайжон ва Россия агентлари ҳаво ҳалокатларини текшириш ва олдини олиш марказида йиғилди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, техник ходимлар қора қутилардан маълумотларни ажратиб олиш ва таҳлил қилиш устида ишламоқда, уларда учувчиларнинг овоз ёзувлари ва самолётнинг қулашигача бўлган ҳолати ҳақидаги маълумотлар мавжуд.

Қозоғистон масъул бўлган Бразилия таҳлили терговнинг якуний ҳисоботида эълон қилинади.

“Техник маълумотлар фавқулодда қўниш вақтида юзага келган носозликлар, шунингдек, Бакудан Озарбайжонга учган Озарбайжон ҳаво йўллари рейси йўналишидаги ўзгаришларни тушунтиришга ёрдам беради”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учраган Embraer 190 самолётининг борт ёзувлари (қора қути) таҳлил қилиш учун Бразилияга юборилиши хабар қилинганди. Чикаго конвенциясига кўра, авиация ҳодисаси бўйича терговни амалга оширувчи мамлакат қора қутини таҳлил қилиш учун давлат танлаш ҳуқуқига эга. Уни Бразилияга юбориш қарори Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) тавсиялари, шунингдек, Россия ва Озарбайжон билан ўтказилган маслаҳатлашувлар натижасида қабул қилинган.

Билдирилишича, мазкур қарор қора қутини таҳлил қилиш жараёнининг юқори даражада ишончлилигини ва самолёт ишлаб чиқарувчиси тажрибасидан фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. 

Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.

Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.

Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди. Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Embraer қулаган самолёт қора қути

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг