Пригожин портлади. Бунда Путиннинг қўли борми?

Олам

Жорий йилнинг 23 августидан 24 августига ўтар кечаси “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси Евгений Пригожин ва гуруҳ қўмондонларидан бири Дмитрий Уткин борлиги айтилаётган Embraer бизнес жети портлатиб юборилди. Халқаро ҳамжамиятнинг фикрича, Пригожин исёнидан роппа роса икки ой ўтиб юз берган ушбу “бахтсиз ҳодиса” орқали Россия элитаси бошқа “потенциал исёнчиларга” баъзи нарсаларни тушунтирмоқчи бўлган. Бироқ ушбу ҳалокат сабаблари ва у қандай содир бўлгани аниқ эмас. Текширувлар давом этмоқда. Кўплаб сиёсий экспертлар эса бу ҳалокат тасодифан содир бўлмаганини таъкидламоқда. Хўш, Пригожин “бахтсиз ҳодиса” қурбоними ёки бу Путиннинг қасоси? 

Ҳозиргача маълум бўлган тафсилотлар

23 август куни Тошкент вақти билан соат 23:00 дан кейин рус Telegram каналларида Евгений Пригожинга тегишли Embraer Legacy 600 самолёти портлагани акс этган видеолар чиқа бошлади. Айтишларича, самолётда 10 киши (7 та йўловчи ва 3 та экипаж аъзоси) бўлган. Баъзи манбалар ўша вақтда самолётда Пригожиннинг ўзи ҳам бўлган, дея хабар берган бўлса, баъзилар (масалан “Реадовка” нашри) буни инкор этди. Худди шу вақтда Пригожинга тегишли бошқа самолёт Москвага қўнган эди. Тонгда чиққан хабарларнинг деярли барчаси Пригожиннинг самолётда бўлганини тасдиқлади. Ҳатто, “Россия 24” телеканали ҳам Пригожиннинг ҳалок бўлганини ўз эфирида айтиб чиқди.

Россия Федерал ҳаво транспорти агентлиги маълумотига кўра, ҳалокатга учраган йўловчиларни келтириб ўтамиз:

1. Евгений Пригожин (62 ёш). “Вагнер” ХҲК асосчиси. У Бахмутда кўплаб украиналикларни қириб ташлаган, бир муддат олдин эса Москва қарши юриши билан тилга тушганди.

2. Дмитрий Уткин (53 ёш). “Вагнер” ХҲК қўмондони. Илгари у подполковник унвонига эга бўлган Бош разведка бошқармаси махсус кучлари офицери сифатида хизмат қилган.
3. Валерий Чекалов (47 ёш). Пригожиннинг “Вагнер” ХҲКдаги ўринбосари. Илгари тадбиркорлик билан шуғулланган. 2023 йилнинг июль ойида у Пригожин билан алоқалари учун АҚШ санкциялари остида қолган.

4. Евгений Макарян (38 ёш). “Вагнер” ХҲК жангчиси. Эҳтимол, Пригожиннинг қўриқчиси.

5. Сергей Пропустин (44 ёш). Разведкачи, эҳтимол, Пригожиннинг шахсий қўриқчиси бўлган.

6. Александр Тотмин (30 ёш). Судандаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган. “Вагнер” ХҲК жангчиси. Эҳтимол, Пригожиннинг қўриқчиси.

7. Николай Матусеев. Сурияда жанг қилган ҳужумчи бўлинмасининг собиқ жангчиси.

Экипаж:

8. Алексей Левшин (51 ёш). Embraer самолёт командири. Воронежда туғилган. Оилали, икки нафар фарзанди бор.

9. Рустам Каримов (29 ёш). Иккинчи учувчи. Унинг ўлимини отаси ҳам тасдиқлаган. Парвоз олдидан онасига қўнғироқ қилиб, шу рейсда учаётганини айтган.

10. Кристина Распопова (39 ёш). Борт кузатувчиси.

Ҳалокат тафсилотлари
 
23 август куни Евгений Пригожинга тегишли Embraer бизнес-жети Россиянинг Москва шаҳридан Санкт-Петербургга учиб кетаётган вақт Тверь вилоятида портлатиб юборилган. Самолётдаги 7 нафар йўловчи ва уч учувчининг барчаси ҳалок бўлгани ҳам ўша вақтда тасдиқланди. 

“Вагнер”га боғлиқ кўплаб Telegram каналларининг ёзишича, самолёт Россия ҳарбийлари томонидан уриб туширилган. 

“Медуза” нашрининг ёзишича, видеолардан бирида зенит-ракета тизимларининг изи кўриниб турибди. Нашрнинг айтишича, самолётнинг портлаган қолдиқларида зенит-ракета тизимлари орқали зарба берилигандаги элементларнинг изларини видеолардан бирида кўриш мумкин.

Бироқ Flightradar 24 хизмати эса ҳалокатга ички портлашни асосий сабаб сифатида кўрсатмоқда. Сайтнинг маълумотларига кўра, самолёт портлашдан олдин 9 дақиқа давомида 8,7 км баландликда учган. Қулашдан олдин эса самолёт ўзининг максимал, яъни 9,1 км баландлигига чиққан. Кейин 8,3 кмгача пастлаб, яна 8,9 км баландликка кўтарилган. Сўнг эса қулашни бошлаган. Шу билан бирга, самолёт қулагунгача аниқ жойни Flightradar 24 сервисига жўнатолмаган бўлса ҳам, тезлик, баландлик, вертикал ҳаракат ва автопилот ҳақида маълумотларни етказиб бериб турган. Шу сабабдан айтиш мумкинки, ҳалокатга самолётдаги ички портлаш ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. 

Портлашда Путиннинг қўли борми?

Июндаги Москвага юришдан кейин, шуниси аниқки, Пригожин Путин учун анча хавфли одамга айланиб улгурган эди. Гарчи юриш Москвагача етиб бормаган бўлса ҳам, бир кун давомида мамлакатда катта резонанс уйғотганди. Юриш давомида Россия аҳолисининг “Вагнер”чиларга моддий ёрдам бериши Путинни қўрқитиб қўйган бўлса ҳам ажаб эмас. Шу сабаб Пригожин Владимир Путин учун Бахмутдаги хизматидан сўнг ўз функциясини бажариб бўлган. Яъни жорий йилнинг май ойида Пригожиннинг Путин олдидаги хизматлари тугаган, июндаги марш эса гўёки оловга мой сепганди. Шу сабаб Путиннинг Пригожиндан қутилиши муқаррар бўлиб улгурган ҳодиса cифатида кўрилиши мумкин. Бироқ Москвага юришдан кейин Пригожинга берилган яшаш учун имконият фақат икки ойга етди.
Америка Урушни ўрганиш институтининг (ISW) ёзишича, бу портлашда аниқ Путиннинг қўли бор. 

“Россия армияси вакиллари, хусусан, Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва армия штаб бошлиғи генерал Валерий Герасимов Путиннинг буйруғисиз Пригожинни йўқ қилишлари даргумон”, дея фикр билдирди Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари. 

Институт эндиликда бутун сиёсий жараён билан боғлиқ воқеаларни “Путин Пригожинни ўлдиришга буйруқ берган”, деган тахмин асосида баҳолашини таъкидлади.

ISW’нинг Пригожин ўлдирилишига оид мумкин бўлган сабаблар ҳақидаги мулоҳазалари бошқа сиёсий кузатувчиларнинг фикрига тўғри келади. Ҳисобот муаллифлари, хусусан Путин Пригожиннинг “Вагнер”даги обрўсига етарлича путур етгани ва компаниянинг ўзи бўлиниб, заифлашиб, унга жиддий муаммолар билан таҳдид қила олмайдиган даражада эканини билган. 

Суровикиннинг ишдан бўшатилиши

Пригожиннинг ҳалокатга учрагани ҳақида хабарлар тарқалганидан бир неча соат ўтиб, “Вагнер” раҳбарига яқин экани айтиладиган Сергей Суровикин ишдан бўшатилди.

Россия аэрокосмик кучлари раҳбари Сергей Суровикиннинг ишдан бўшатилиши ҳам Пригожиннинг ҳали тасдиқланмаган ўлими билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки 2023 йил май ойидан бери унинг “Вагнер” билан алоқаси ҳақида жуда кўп миш-мишлар юради. Хусусан, CNN нашрининг манбаларига кўра, у 2018 йилдан бери “Вагнер” гуруҳи аъзоси сифатида фаолият юритиб келмоқда. Рус медиаси эса уни Россия Мудофаа вазирлигидаги “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси манфаатлари ифодачиси деб билади. 

Июндаги юришдан сўнг у жамоатчиликка кўринмай қолди. Кремлдаги шахслар ва “Реадовка” нашрининг маълумотларига кўра, у Пригожиннинг қуролли тўқнашувга уринишидан кейин меҳнат таътилига чиққан.

Америка урушни ўрганиш институтининг маълумотларига кўра, унинг ишдан бўшатилишга асосий сабаб айнан Пригожиннинг ҳали тасдиқланмаган ўлими бўлиши мумкин. Рус элитасининг Пригожин ўлимига шунчалик ишончи комилки, унинг Кремлдаги “вакилларини” ҳозирдан ишдан бўшатиш бошланди. Ҳозирдан тахмин қилиш мумкинки, “Вагнер” ХҲКнинг таъсири бундан кейин Россияда ва Кремлда йўққа чиқарилиши мумкин. 

Дмитрий Уткин ким?

Портлашдан сўнг рус медиаси Пригожин билан бирга Дмитрий Уткинга ҳам алоҳида урғу бермоқда. Хўш, Дмитрий Уткин ким?

Уткин “Вагнер” ХҲК асосчиларидан бири бўлиб, Суриядаги кризисда анча ном қозонган. У 2013 йилда ҳарбий хизматни тарк этгач, Сурияга Славьян корпуси миссияси аъзоси сифатида юборилган ва ҳалокатли миссиядан омон қолган. 

У Суриядан Россияга қайтгач, “Вагнер” гуруҳига асос солган. Шундан кейин у тузган “Вагнер” гуруҳи Қримда, Донбассда ва Луганскда россияпараст айирмачилар сафида жанг қилган. 2022 йил эса Пригожиннинг гуруҳга аралашиши ортидан “Вагнер” катта хусусий ҳарбий компанияга айланди. 

Портлашга қандай муносабат билдирилмоқда?

Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Гарешченко:

“Пригожин бу самолётда ёлғиз бўлганми ёки [Пригожиннинг “ўнг қўли”, “Вагнер” командири Дмитрий Уткин билан бирга бўлганми, бу муҳим эмас. Бир нарса аниқ: Пригожинни [Владимир] Путин йўқ қилди. У хиёнатни, шунингдек, “ошпаз” исёни пайтида бошдан кечирган хўрлик ва қўрқувни такрор кечирмоқчи эмас эди.

Самолёт Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилганми ёки ичкаридан портлатилганми ёки техник носозлик бўлганми – бу фақат Путин манфаати учун қилингани кўриниб турибди. Пригожиннинг давлат тўнтаришини қўллаб-қувватлаган генерал-полковниклар [Украинадаги Россия қўшинлари ва Россия Федерацияси Аэрокосмик кучлари қўшма гуруҳининг собиқ қўмондони Сергей] Суровикин ва [Генерал-полковник Михаил] Мезенцев, сизлар ҳам тайёр туринг!”

Шунингдек, Пригожин тузилмалари билан боғлиқ офицер Роман Сапонковнинг айтишича, бу портлаш армиядаги кайфиятни тушириб юбориши ҳам мумкин. 

Путиннинг бу жараёнда қанчалик ўрни борлиги номаълумдир, бироқ унинг кейинги режаларида Пригожин бўлмаганлигининг эҳтимоли юқори.

Қолаверса, Россиядаги бу тўполонни Байден ҳам эшитмай қолмади. Унга бу хабарни етказишди. Аммо АҚШ Президенти Жо Байденда йўловчилар рўйхатида Евгений Пригожин бўлганми ёки бўлмаганми бу ҳақда аниқ маълумотлар йўқ. Агар бўлган тақдирда ҳам у содир бўлган воқеадан ҳайратга тушмаслигини билдирди.

“Мен Пригожин билан нима бўлганини аниқ билмайман. Лекин ҳайрон эмасман. Россияда Путин алоқадор бўлмаган нарса жуда кам. Аммо менда аниқ жавобни билиш учун етарлича маълумот йўқ”, деган совуққонлик билан Байден журналистларга.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсон ҳам Пригожиннинг ўлими ҳақидаги хабарлар тасдиқланса, ҳеч ким ажабланмаслиги кераклигини айтган.
Украина Президентининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк эса X ижтимоий тармоғида қолдирган постида шундай ёзган:

“Кўриниб турибдики, Путин ўзининг ҳайвоний террорида ҳеч кимни кечирмайди. Давлат тўнтаришига уринишдан икки ой ўтиб, Пригожин ва “Вагнер” жамоасининг намойишкорона тарзда йўқ қилиниши Путиннинг 2024 йилдаги сайловлар арафасида Россия элитасига берган ишорасидир: “Огоҳ бўлинг! Хиёнат ўлимга тенгдир”.

Эстония Бош вазири Кая Каллас ҳам ОАВдаги чиқишида “Вагнер” самолёти ҳалокатига Путиннинг алоқадорлигини истисно этмаган.

“Агар бу рост бўлса, бу Путин рақибларини йўқ қилаётганини кўрсатади. Путиндан фарқли фикр билдиришни ўйлайдиган ҳар қандай одамни қўрқитади”, дейди Каллас.

Британия парламенти қўмитаси раиси Алисия Кернс ҳам X ижтимоий тармоғида пост қолдириб, самолёт ҳалокатига Россия ҳукумати алоқадор эканига ишора қилган.

“Россия ҳукуматининг Евгений Пригожин ҳалокатга учраган самолётда бўлганини тасдиқлаш тезлиги бизга билишимиз керак бўлган ҳамма нарсани айтиб беради”, дейди у.

Кернснинг сўзларига кўра, “Вагнер” самолёти Россия ҳаво мудофаа кучлари томонидан уриб туширилгани ҳақидаги хабарлар Путин ўз душманларига жуда баланд сигнал берганидан далолат беради.\

Польша Ташқи ишлар вазири Збигнев Рау давлат телеканалига берган интервьюсида Пригожин бортида бўлган самолёт ҳалокатини тасодиф деб айтиш “жуда қийин” эканини айтган.

“Владимир Путин ўз ҳокимиятига таҳдид деб ҳисоблаган сиёсий рақиблари табиий равишда ўлмайди”, деган Рау.

Европа сиёсатини таҳлил қилиш маркази эксперти Павел Лузин ҳам Пригожин билан бўлган воқеа Россия элитаси бирлашмаслиги, Кремль ичидаги қарама-қаршиликлар кучайиб бораётганидан дараклигини айтган.

“Россия раҳбариятидаги турли бўлинмалар ўртасидаги мувофиқлаштириш ҳақиқатан ҳам ёмон. Ахир, агар Владимир Путин шунчалик қудратли бўлса, нега Пригожинни қамоққа олмади?” дейди у.

Рус журналистлари эса Пригожиннинг ўлганини айтишдан нарига ўтгани йўқ, ҳозирча. Шунингдек, Путиннинг ёнидаги ҳамроҳ сиёсат вакиллари ҳам жим. Путиннинг бу қаҳри уларни ҳам даҳшатга солган бўлса ажабмас.

Шунингдек, 24 август санасининг ўзида Пригожиннинг жасади Твердаги ўликхонада аниқланди. Бу ҳақда манбасига таяниб, “Фонтанка” хабар берган.

Қайд этилишича, хусусий самолёт ҳалокатида қурбон бўлганларнинг жасадлари Тверь вилояти ўликхонасига етказилган. Бироқ жасадлар табиий офатдан кейин жиддий зарар кўргани учун уларни визуал аниқлаш имкони бўлмаган. Билвосита далилларга таянилганда эса мутахассислар Пригожин ўлганлар орасида бор эканини айтган.

Шунингдек, “ВЧК-ОГПУ” Telegram канали Пригожиннинг жасади ўликхонада расман танилгани, уни “Вагнер” командирларидан бири аниқлаганини ёзган. 

“Асосий белги бармоқнинг йўқлиги эди”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, ўликхонада “Вагнер”нинг иккинчи қўмондони Дмитрий Уткиннинг жасади ҳам таниб олинган. У бўйи ва татуировкалари билан аниқланган.

Аниқ маълумотлар эса мутахассислар ҳалок бўлганларнинг жасадларини мукаммал суд-тиббий экспертизасини ўтказганидан кейингина эълон қилинади.

Аммо экспертиза натижалари ҳали эълон қилинмай туриб, Россия раҳбари Владимир Путин таъзия изҳор этиб чиқди. У Пригожин ҳақида гапирар экан, унинг ҳаёти давомида жиддий хатоларга йўл қўйганини қистириб ўтган.

“Авиация ҳалокатига келсак, биринчи навбатда, барча қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдираман. Бу ҳар доим фожиа. Ҳозир экспертиза ўтказилмоқда: техник экспертизалар, генетик. Бу бироз вақт талаб этади”, деди Россия раҳбари тан олинмаган Донецк халқ республикаси раҳбари Денис Пушилин билан учрашувда. 

Пригожиннинг ўлимида Путиннинг қўли борлиги ҳақидаги гапларнинг болалашига Россия Президентининг бир муддат олдинги баёнотлари ҳам сабаб бўлмоқда. Путин аввалроқ Пригожиннинг Москвага юришини ички хиёнат деб атаб, хиёнатчиларни асло кечирмаслигини айтган эди. 

Авазбек Мўйдинов


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Путин Вагнер Байден Пригожин Дмитрий Уткин Embraer

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг