Озарбайжон самолёти қулаган жойга ёдгорлик ўрнатилди (видео)
Олам
−
24 Май
5272Ўтган йилнинг 25 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида Embraer самолёти ҳалокатга учраган жойга ёдгорлик ўрнатилди. Бу ҳақда “Lada.kz” хабар берди.
Маълум қилинишича, фожиа юз берган жойда ўриндиқлар ва гул қўйилган тўсиқлар пайдо бўлган.
Нашр томонидан эълон қилинган видеода кўриш мумкинки, ушбу жойга келиб, ўтириб ҳалок бўлганларни ёд этиш имкони яратилган.
Тупкараған тумани ҳокимлигига кўра, кичик мемориал майдон ташкил этилиши фаоллар – минтақа аҳолиси ташаббуси билан амалга оширилган. Барчаси ҳалок бўлганларни хотирлаш мақсадида шахсий ташаббуслар асосида бажарилган.
“Бу – лоқайд бўлмаган аҳоли ташаббуси. Улар мемориални ўз маблағлари ҳисобидан қуришга қарор қилишди ва ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Давлат бюджетидан бу лойиҳага маблағ ажратилмаган”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидлади.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Кейинчалик Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевдан 2 марта кечирим сўраганини маълум қилди.
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин Озарбайжон Президенти маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси