Ўзбекистон Ар-Риёддаги аэропортга қилинган ҳужумни қоралади
Local
−
12:49 727 2 minutes
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропортига ҳусийлар томонидан уюштирилган ҳужумни қатъий қоралади. Бу ҳақда бугун, 11 октябрь куни ТИВ баёнот берди.
Ташқи ишлар вазирлиги Ар-Риёд шаҳридаги Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропортга ҳусийлар томонидан амалга оширилган, бегуноҳ инсонларнинг ҳалок бўлиши ва тинч аҳоли вакилларининг жароҳатланишига олиб келган мудҳиш ҳужумдан чуқур қайғуда эканини билдирган ва ушбу ҳужумни қатъий қоралаган.
Шунингдек, вазирлик ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдириб, ушбу фожиали воқеа оқибатида жабрланганларга чуқур ҳамдардлик изҳор этган. Шу билан бирга, жароҳатланганларнинг тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетишини тилаган. Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлигининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.
“Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларининг жиддий бузилиши ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши шарт”, дейилади баёнотда.
ТИВ тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш ва муҳим инфратузилма объектлари хавфсизлигини таъминлаш сўзсиз устувор вазифа бўлиб қолиши лозимлигини таъкидлаган. Шунингдек, Ўзбекистон бундай ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақириб, барча томонларни вазминлик кўрсатишга ва кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймасликка ундаган.
Вазирлик келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ нормалари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига мувофиқ, мулоқот ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал этишга чақирган.
Ўзбекистон Саудия Арабистони халқи ва ҳукумати билан бирдамлигини билдириб, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 октябрь куни Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги халқаро аэропортга ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳужум оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлган, яна 309 киши яраланган. Бу Саудия Арабистонида сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт ичида энг кўп қурбон берилган ҳужум бўлган. Шунингдек, Uzbekistan Airways Саудия Арабистонидаги аэропортга қилинган ҳужумга қарамай, Тошкентдан Жидда ва Мадинага амалга оширилаётган авиақатновлар тасдиқланган жадвал асосида бажарилаётганини маълум қилганди.
Live
All