Ўзбекистон АҚШ компаниялари билан фойдали қазилмалар бўйича битим имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзолади. Бу ҳақда бугун, 9 апрель куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегация АҚШда бўлиб, йирик компаниялар, корпорациялар ва саноат бирлашмалари раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказмоқда.

Ташриф дастурига мувофиқ, 7 апрель куни тоғ-кон саноати, меҳмонхона бизнеси ва озиқ-овқат саноати соҳасида фаолият юритувчи корхоналар билан учрашувлар ўтказилган. Компанияларга самарали инвестиция таклифлари ва Ўзбекистонда бизнесни олиб бориш учун яратилган шарт-шароитлар тақдим этилган. 

“Учрашилган компаниялар раҳбарлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, Америка компанияларининг мамлакатимизда кўп йиллик тажрибага эга бўлган муваффақиятли фаолиятидан келиб чиқиб, ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди”, дейилади вазирлик хабарида.

Учрашувлар якунлари бўйича фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланган ҳамда фойдали қазилма конларини қидириш ва қазиб олишга инвестициялар киритиш, юқори даражада майдалаш комплексларини (HPGR) қуриш, инновацион технологияларни жалб этиш ва муҳим хомашё учун қўшилган қиймат яратиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича келишувларга эришилди. Туризм соҳасида янги лойиҳалар – меҳмонхоналар қуришни амалга ошириш муддатлари ҳам келишиб олинган.

“Эришилган келишувлар тегишли битимлар билан мустаҳкамланди. Ҳар бир лойиҳага масъул лойиҳа менежери тайинланди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегацияси АҚШда ўз фаолиятини давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 16 сентябрь куни АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник ҳамда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насриддинхўжаев икки давлат ўртасида фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро англашув меморандумини имзолаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ўзбекистон фойдали қазилмалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг