Ўзбекистон АҚШ билан ЖСТга аъзолик бўйича музокараларни якунлади
Жамият
−
20 Декабрь
3197Кеча, 19 декабрь куни Ўзбекистон ва АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни доирасида икки томонлама бозорларга кириш бўйича музокараларни якунлаш протоколини имзолади. Бу ҳақда Президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида маълум қилди.
Азизбек Ўруновга кўра, ҳужжатни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва АҚШ савдо вакили Кэтрин Тай имзолаган.
“Жорий йил ЖСТга қўшилиш жараёнимизда тарихий аҳамиятга эга бўлиб, йил охирида умидли натижаларга эришилди. Президент Мирзиёев раҳбарлигида миссияни амалга оширишга жамоамиз янада кўпроқ эътибор қаратмоқда. 2026 йил узоқда эмас, мажбуриятлар аниқ. Шунингдек, барча эътироф Ўзбекистон музокаралар гуруҳи аъзоларига ҳам тегишлидир”, деб ёзади Ўрунов.
АҚШ томони баёнотига кўра, савдо вакили Кэтрин Тай Байден-Ҳаррис администрациясининг Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишини давомий қўллаб-қувватлашини билдирган. Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш ҳаракатлари доирасида товарлар ва хизматлар бўйича икки томонлама бозорларга кириш бўйича музокаралар якунланганини эълон қилишдан мамнун.
“Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йилда ариза топширган ва 2020 йилдан бошлаб ушбу жараёнда фаол ишлашни бошлаган. Ўзбекистоннинг музокараларни илгари суришга бўлган кучли садоқати сўнгги икки йил ичида сезиларли ютуқларга, жумладан, икки томонлама келишувнинг муваффақиятли якунланишига олиб келди”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлагани, томонлар бозорга кириш тўғрисидаги баённомани имзолашга тайёргарлик кўраётганини маълум қилганди.
Декабрь ойида эса Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Покистон ва Таиланд билан икки томонлама музокараларни якунлади.
LiveБарчаси