Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятни Афғонистоннинг пулларини қайтаришга чақирди
Жамият
−
23 Февраль 2022
6039Ўзбекистон Афғонистоннинг хориждаги активларини тезроқ блокдан чиқариш тарафдори, бусиз мамлакатнинг амалдаги расмийлари уни инқироздан олиб чиқа олмайди. Бу ҳақда бугун, 23 февраль куни Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди.
“Ўзбекистон Афғонистоннинг хорижий банклардаги активларини тезроқ муздан чиқариш тарафдори, бусиз давлатнинг амалдаги расмийлари уни энг чуқур инқироздан олиб чиқа олмайди. Шу билан бирга, бу маблағлар Афғонистонга тегишли эканлигини тушуниш керак. Айрим вакилларига эмас, балки бутун афғон халқига”, деган у Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакилларининг Тошкентда ўтган маслаҳат учрашувида.
Иргашевнинг ҳозирда Афғонистондаги вазиятни тартибга солишнинг асосий масаласи Афғонистонга нисбатан можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш бўлиб қолаётганини таъкидлади.
“Бу мамлакатни тинч равнақ топтириш бўйича жамоавий чора-тадбирларни амалга оширишда раҳбарлик қилиниши керак бўлган муҳим жиҳат”, дея қўшимча қилди у.
Иргашевга кўра, ҳозирги Қобул ҳукуматининг терроризм ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашдаги муваффақиятларига қарамай, улардан ҳаммага маълум бўлган қоидаларни амалга оширишни талаб қилишда давом эттириш керак.
"Бу, биринчи навбатда, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, шу жумладан аёллар ва миллий озчиликларни ҳурмат қилиш, Афғонистонда турли халқаро террорчилик ташкилотларининг бўлишига йўл қўймасликка асосланган ҳукуматни яратишга тааллуқли. Менимча, ҳам биз учун, ҳам “Толибон” учун бунинг имкони бор”, деган Ўзбекистоннинг махсус вакили.
Маълумот учун, 2021 йил баҳорида АҚШ Афғонистондаги қўшинларини олиб кетишини эълон қилгач, “Толибон” мамлакатда назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операцияларни бошлади. Ўтган йилнинг 15 августида толиблар жангсиз Қобулга кириб, Президент Ашраф Ғани республикани тарк этгач, Вашингтон маъмурияти ағдарилган Афғонистон ҳукуматининг АҚШ банкларидаги давлат захираларини музлатиб қўйди. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки ҳам Қобулга ёрдам беришни тўхтатди. Музлатилган маблағларнинг умумий миқдори тахминан 9,5 миллиард долларни ташкил этади.
“Толибон” кўраётган чора-тадбирларга қарамай, мамлакатдаги иқтисодий вазият ўта оғирлигича қолмоқда. “Толибон” раҳбарияти бир неча бор Вашингтондан Афғонистон давлат захираларини блокдан чиқаришни сўраган. Бироқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен айтишича, Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатларининг Афғонистонга молиявий ёрдам кўрсатиш ва унинг хорижий банклардаги активларини муздан чиқариш бўйича қарорлари “Толибон”нинг кейинги қадамлари асосида қабул қилинади.
LiveБарчаси