Ўзбекистон Афғонистондан кўмир сотиб олади
Олам
−
05 Февраль
4385Ўзбекистон савдо делегацияси Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати расмийлари билан учрашувда мамлакатлар ўртасидаги савдо мувозанатини яратиш учун Афғонистондан кўмир импорт қилишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда “Tasnim” хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 4 февраль куни Ўзбекистон савдо делегацияси Қобулга ташриф буюриб, “Толибон”нинг саноат ва савдо вазирлиги билан учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо мувозанатини яратиш мақсадида Афғонистондан кўмир импорт қилишга тайёрлигини билдирган.
“Толибон” саноат ва савдо вазирлигига кўра, ушбу ташриф давомида икки мамлакатнинг хусусий компаниялари ўртасида 4,5 миллион доллар миқдорида савдо шартномалари имзоланган. “Толибон” саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий Ўзбекистон делегацияси билан учрашувда икки мамлакатнинг маҳаллий маҳсулотлари ва ишлаб чиқаришини намойиш этиш учун биргаликда ярмаркалар ўтказишни таклиф қилган ва Термиз халқаро савдо марказида ҳар йили максимал бешта ярмарка ўтказиш таклифини берган.
Томонлар, шунингдек, турли масалалар, жумладан, преференсиал савдо битими бўйича музокаралар, Саманган вилоятида цемент ишлаб чиқариш заводини ташкил этиш ва ҳар иккала мамлакатда савдо уйлари яратиш бўйича фикр алмашган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июль ойида “Толибон” саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий бошчилигидаги таркибида 300 нафарга яқин афғонистонлик тадбиркорлар ва ишбилармонлар ўрин олган делегация Ўзбекистонга келганди. Улар Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистон делегацияси билан учрашув ўтказган. Шунингдек, октябрь ойида Ўзбекистон компанияси билан Афғонистон шимолидаги Жаузжон ва Фарёб вилоятида жойлашган Тути-Майдон конида табиий газни қидириш ва қазиб олиш бўйича 1 миллиард долларлик шартнома имзолаганди.