“Толибон” ва Ўзбекистон компанияси газ қазиб олиш бўйича 1 млрд долларлик шартнома имзолади
Жамият
−
10 Октябрь
5723Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Ўзбекистон компанияси билан Афғонистон шимолидаги Жаузжон ва Фарёб вилоятида жойлашган Тути-Майдон конида табиий газни қидириш ва қазиб олиш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда “Khama press” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ўн йиллик шартнома тахминан 1 миллиард долларлик инвестицияни ўз ичига олади ва у бугун, 10 октябрь куни Афғонистон муваққат ҳукумати бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар ҳамда Ўзбекистон компанияси вакили томонидан имзоланган.
Келишувга кўра, компания дастлабки йилда 100 миллион доллар, кейинги тўққиз йил давомида эса 900 миллион доллар сармоя киритади.
Дастлабки икки йилда қазиб олинган газдан 100 мегаватт газ орқали ишлайдиган электр энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланилади. Жаузжон вилоятидаги Тути-Майдон газ конининг захиралари тахминан 7,000 квадрат километр майдонни қамраб олади.
“Қазиб олиш ишлари бошлангандан сўнг, бу мамлакатнинг газ эҳтиёжларини сезиларли даражада қондиришга ёрдам беради ва минглаб фуқаролар учун тўғридан-тўғри ва билвосита иш ўринлари яратади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов яқинда ўз вазифасини бажаришга киришган, “Толибон” томонидан жўнатилган янги элчи Абдул Ғаффор Теравийни қабул қилган эди.
LiveБарчаси