Ўзбекистон Ҳаво кодекси ІСАО талабларига мослаштирилади
Жамият
−
29 Октябрь 2069 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ІСАО) талабларига мослаштирилади. Шунингдек, йўловчилар сонини 24 миллион нафарга етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 27 октябрь куни қабул қилинган “Фуқаро авиацияси соҳасида давлат сиёсати юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Қайд этилишича, фармон Ўзбекистонда фуқаро авиацияси соҳасини тизимли ислоҳ қилиш, авиация хизматлари сифатини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, авиация соҳасини техник жиҳатдан тартибга солиш, рақобатни ривожлантириш ва авиаташувлар бозорини либераллаштириш, шунингдек, авиация соҳасида давлат сиёсати устуворлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Фармонга кўра, 2030 йилгача фуқаро авиацияси соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланган:
- фуқаро авиациясида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ІСАО’нинг 8 та йўналиш бўйича белгиланган талаблари бажарилишини ўртача 85 фоизга етказиш;
- ҳаво транспортида хизмат кўрсатилган йўловчилар сонини 24 миллион нафарга етказиш;
- халқаро ва маҳаллий йўналишдаги парвозлар сонини 200 мингтага етказиш;
- Ўзбекистон Республикаси резидент кемалари паркини 180 тага етказиш;
- Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиш ишларининг 1-босқичини амалга ошириш.
Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади:
- бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси соҳасида давлат сиёсатини юритиш маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси;
- бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг ҳаводаги ҳаракатни бошқариш такомиллаштириш чора-тадбирлари тизимини тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси;
- икки ой муддатда учувчилар ва борт кузатувчиларини тайёрлаш ўқув юртини ташкил қилиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси;
- икки ой муддатда “Авиация соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини жамлаш ва тақсимлаш бўйича низом”ни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси;
- уч ой муддатда фуқаро авиацияси қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар руйхатини такомиллаштириш жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;
- 2026 йил 1 октябрга қадар ІСАО талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда хорижий тажриба асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси лойиҳаси.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб “Ўзавиация” агентлигини сақлаш учун Давлат бюджетидан ажратмалар бекор қилинади.
2025 йил якуни ва келгуси йиллар учун “Ўзаэронавигация” маркази ДУК соф фойдасидан Фуқаро авиацияси агентлигини ривожлантириш жамғармасига йўналтириладиган 20 фоиз ажратма бекор қилинади.
Live
Барчаси