Ўзбек тили чақиртиканакми? “Дунё бўйлаб” нега руслаш(тирил)япти?
Интервью
−
19 Май 2022
29424Сўнги ҳафтада ижтимоий тармоқларда “Dunyo bo’ylab” телеканали энди фаолиятини рус тилида олиб бориши ҳақидаги хабарлар тарқалди ва жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. Буни ўзбек тилига қарши ҳаракат деб баҳоловчилар ҳам топилди.
Қандай қилиб бутун бошли телеканал ими-жимида давлат тилидан бошқа тилга ўтказилиши мумкин? Бу қарор қачон ва ким томонидан қабул қилинди? Ҳозирда у ерда фаолият олиб бораётган журналистларнинг тақдири энди нима бўлади? “QALAMPIR.UZ” жамоаси ушбу масала юзасидан телеканал муҳаррири Гулсара Соатхонова билан суҳбат қурди.
“Dunyo bo’ylab” бўйлаб канали муҳаррири Гулсара Соатхонова билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Улуғбек Худойберганов, мухбир: — “Dunyo bo’ylab” телеканали тўлиқ рус тилига ўтказилиши ҳақидаги хабарлар ходимларга қачон ва ким томонидан етказилди?
Гулсара Соатхонова, “Dunyo bo’ylab” бўйлаб канали муҳаррири: — Апрель ойининг иккинчи ярмида телеканалда “Биз рус тилига ўтарканмиз, агар ким рус тилида ишлолмаса кетар экан”, деган ғалати бир миш-мишли хабар пайдо бўлди. 20 апрель куни тасвирга олиш жараёнида ишлаб турган пайтимда менга қўнғироқ бўлди ва ишхонага тез етиб боришим айтилди. Мен узоқда бўлганим учун мажлисга, минг афсуски, етиб бора олмадим. Мажлисда МТРК раиси Алишер Хўжаев томонидан “Dunyo bo’ylab” телеканали тўлиқ рус тилига ўтиши, шу билан бирга 70 фоиз кўрсатувлар рус тилида, 30 фоиз кўрсатувлар эса инглиз тилида бўлиши айтилган. Бунга мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш, бошқа миллат вакилларини “Dunyo bo’ylab”да намойиш этилаётган кўрсатувлар билан кенг таништириш важ сифатида кўрсатилди.
Мен ҳайрон қолдим. Қачондан Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларни ривожлантиришда ўзбек тили ортиқчалик қилган? Ўзбекистон миллатлараро муносабатларни тиклаш ва ривожлантириш каби эзгу ишга қўл урган экан, нима учун бунда ўзбек тили иштирок этмаслиги керак? Биз Ўзбекистон журналистлари, ўзбек тилида фаолият олиб бораётган журналистлар ҳам бу жараёнда иштирок этишни бажонидил истаймиз. Афсуски, бизнинг ўзбек тилидаги кўрсатувлар тўхтатилди. Бундан буён фақат рус тилида ишласангиз, ишингизни давом эттиринг, акс ҳолда ўз фаолиятингизни бошқа телеканалда олиб боришингиз мумкин, деган жавоб берилди.
У. Х.: — Ҳозирда телеканалда фаолият олиб бораётган журналистларнинг неча фоизи рус тилини билади? Уларнинг қанчаси рус тилида кўрсатув олиб бориш лаёқатига эга?
Г. С.: — Афсуски бу борада ижобий фикр айтолмайман. “Dunyo bo’ylab” телеканалида очилганидан буён фаолият олиб бораётган журналистларнинг аксарияти рус тилида кўрсатув тайёрлай олмайди. Яқин бир йил ичида телеканалда рус тилида кўрсатувлар тайёрлаш учун кўплаб журналистлар қабул қилинди. Мониторинг қилиб қарайдиган бўлсак, сўнги бир йил ичида рус тилидаги лойиҳалар сони кескин ошиб кетди. Аввалига биз бундан хурсанд бўлиб юрдик. Лекин кўриб турганингиздек хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. “Dunyo bo’ylab” телеканалидан мезбон тил сиқиб чиқарилмоқда.
У. Х.: — Нима сабабдан МТРК раҳбарияти рус тилига ўтказиш учун айнан “Dunyo bo’ylab” телеканалини танлади? Балки бу телеканал ўз олдига қўйилган вазифаларни тўлиқ бажаролмаганидан даракдир.
Г. С.: — “Dunyo bo’ylab” телеканали Ўзбекистон ҳудудида яшовчи аҳолини 100 фоиз қамраб олган. Бундан ташқари телеканал 40 дан ортиқ мамлакатларга сунъий йўлдош орқали эфирга узатилади. Сўнги вақтларда рус тилидаги кўрсатувлар сони кескин ошгани учун балки шу канални танлашгандир. Бир нарсани айтиб ўтиш лозим, 2021 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони эълон қилинди. Шу фармон асосида концепция қабул қилинди. Ушбу концепцияга кўра 2020-2030 йилларда ўзбек тилининг халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини ошириш ва ўзбек тилини ўрганишга бўлган эътиборни ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон ҳудудида яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўз тилларини ўрганиш баробарида ўзбек тилини ўрганишлари учун ҳам кенг имкониятлар яратиш борасида концепция тасдиқланди. Лекин минг афсуски айнан миллатлараро муносабатларни ривожлантиришда рус тилига урғу берилиб ўзбек тили сиқиб чиқарилмоқда. Бизнинг мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади.
Нима учун миллатлар аро муносабатлар тили деб рус тили олиб чиқиляпти? Гулзор бўлса, ўзбек тили чақир тиканакми? Ўзбек тили қандай қилиб миллатлараро муносабатларни ривожлантиришда иштирок этмаслиги мумкин? Телеканалнинг янги концепциясида барча миллатлараро муносабатларни ривожлантириш йўллари баён этилган. Буларга тўлиқ қўшиламан. Лекин бир жойда “эфир тили рус тили” деб қўйилган. Нима учун рус тилига биз миллатлараро муносабатлар тили бўлиб ривожланиши, янаям тараққий этиши учун ўзбек тили четлатилишига рухсат беришимиз керак? Зеро, ўзбек тилида ҳам барча миллат ва элат вакиллари айнан тўлиқ гаплаша олади, ҳеч бўлмаса, тушуна олади. Мен айнан “Dunyo bo’ylab” телеканали концепциясида рус тили ягона эфирга чиқиш тили деб таъкидланганини, айнан шу концепцияга хиёнат ва менсимаслик деб биламан. Ўзбекистонда тил сиёсатини такомиллаштиришга қарши бир йўналиш деб биламан.
У. Х.: — “Dunyo bo’ylab” канали тўлиқ рус тилида фаолият юритади, деган гаплар пайдо бўлганидан кейин ижтимоий тармоқлар орқали асосан сиз ўзбек тили учун курашганингизга гувоҳ бўлдик. Катта телеканалда кўплаб журналистлар ишлайди, лекин "майдонда" асосан сизни кўряпмиз. Бу ҳолатда сизга канал раҳбарияти ва ҳамкасбларингизнинг муносабати қандай бўляпти?
Г. С.: — “Dunyo bo’ylab” канали раҳбарияти менга тазйиқ ўтказмаяпти. МТРК раҳбарияти ҳам “сиз эркин журналистсиз, эркин фикрлай оласиз, ўзингизни фикрларингизни баён этишингиз мумкин ва бу сизни фикрингиз. Бу бизга юқоридан келган буйруқ ва биз уни бажаришимиз шарт. Афсуски сизнинг барча ҳаракатларингиз натижасиз қолади”, деган фикрни билдиришди. Барча ҳамкасбларим ва ижтимоий тармоқ кузатувчилари мени қўллаб-қувватлашмоқда. Ҳар бир журналистнинг ўз фикри бор. Улар ҳам “Dunyo bo’ylab” телеканалидан ўзбек тилининг сиқиб чиқарилишига қатъий қарши. Лекин биз битта одам чиқиб гапириши ва қолганлар қўллаб-қувватлашини келишиб олдик. Мен кўпроқ чиқиш қиламан ҳамкасбларим эса ўз ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бўлишади.
У. Х.: — Агар канал тўлиқ рус тилида фаолиятини бошласа, рус тилида кўрсатув тайёрлай олмайдиган журналистларнинг тақдири нима бўлади? Ҳамкасбларингиз билан буни муҳокама қилдингизми?
Г. С.: — МТРК томонидан рус тилига ўтиш масаласи билан бирга журналистларга бошқа каналга ўтиб, фаолият олиб боришимиз мумкинлиги ҳам айтилди. Бугунги кунда кўпчилик журналистлар қайси каналга ўтсам экан, деган хаёл билан банд. “Dunyo bo’ylab” канали иккинчи уйимиз бўлиб қолган. Бу жуда ачинарли мажбурият. Ахир биз журналистмиз, қаердадир фаолият олиб боришимиз керак-ку. Кўпчилик ўзбек тилида кўрсатув тайёрлашни истайди. “Dunyo bo’ylab” канали раҳбарлари томонидан кўрсатувни ўзбек тилида ёзсак, таржимон рус тилига ўгириб бериши ва эфирга бемалол рус тилида бериш таклифини ҳам беришди.
Лекин масала ишсиз қолиш ёки оч қолишда эмас. Биз айнан миллатлараро муносабатларни тиклаш ва бу муносабатларни ривожлантириш майдонидан ўзбек тилини олиб чиқиб кетишни истамаймиз. Яна бир жиҳат бор. “Dunyo bo’ylab” телеканали Туризм ва маданий мерос вазирлигининг бош ахборот ҳамкори ҳисобланади. Биз телеканални рус тилига ўтказиш орқали, Ўзбекистондаги туристик манзилларни ўзбек томошабинига ўзбек тилида кўрсатиш имкониятидан маҳрум бўляпмиз. Нима учун туризм ҳақидаги кўрсатувлар фақат рус тилида эфирга берилиши керак?
Бошқа каналда фаолият бошлаб туризм ҳақида кўрсатув қилармиз ҳам дейлик, лекин бу каналда туризм имконияти ва янгиликлари 40 дан ортиқ мамлакатларда тўғридан-тўғри эфирга бериб борилади. 40 дан ортиқ мамлакатларда эса албатта, Ўзбекистон фуқаролари истиқомат қилади. Нима учун биз хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқароларини ўз она тилида, ўз она заминидаги туристик масканлар ҳақида маълумот олиш имконидан мосуво қилишимиз керак.
У. Х.: — Ўзбекистондаги туризм манзилларини дейлик, бошқа мамлакатларга намойиш этиш бу масалани бир томони. Яна бошқа томондан қарайдиган бўлсак, нафақат пойтахт балки, бутун Ўзбекистондаги фуқаролар дунёни мана шу “Dunyo bo’ylab” телеканали орқали кўришади, томоша қилишади, разм солишади. Телеканални рус тилига ўтказиш орқали Ўзбекистондаги олис манзиллар, қишлоқлардаги аҳолини мана шу имкониятдан маҳрум этиб қўймаймизми?
Г. С.: — Сиз жуда ҳам тўғри ва оғриқли саволни бердингиз. Бизнинг томошабинларимизнинг аксарияти пойтахтда эмас, олис манзилларда, вилоятларда яшашади. Биз уларни ёнига бориб, кўрсатувлар тайёрлаймиз. Томошабинларнинг кўпчилиги рус тилини билмайди, маълумотларни ўзбек тилида олади. Уларнинг ҳаммаси ҳам самолётга чипта олиб, саёҳатга чиқиб келиш имкониятига эга эмас. Ўзбек тилининг “Dunyo bo’ylab” телеканалидан сиқиб чиқарилиши, мен бошқача атама билан айтолмайман буни, айнан сиқиб чиқарилиши Ўзбекистондаги кўплаб дунёни билиш истагида бўлган фуқаролар учун дунёни билишни чеклаб қўйиши мумкин. Бу контент рус тилида жуда ҳам кўп. Айтайлик бошқа телеканалларда маърифий дастурлар рус тилида эфирга узатилади. Ўзбекистондан берилмайдиган, яъни хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга эфирга бериладиган саёҳат, экология, атроф-муҳит ва ҳайвонот олами ҳақидаги кўрсатувларнинг аксарияти рус тилида эфирга берилади. Нима учун биз ўзбек томошабинларини бу имкониятдан маҳрум этишимиз керак? Мана шу оғриқли нуқта бўлгани учун ҳам телеканалнинг тўлиқ рус тилига ўтиш форматига қарши чиқмоқдамиз.
У. Х.: — Телеканал 24 соат эфирга чиқади. Эфирнинг ўзбек тилидаги қисмини телеканал қандай қилиб тўлдирмоқчи? Ҳозирда фаолият олиб бораётган ва рус тилида кўрсатувлар тайёрлай олмайдиган кадрлар билан меҳнат шартномаси бекор қилиниб, улар бошқа каналга ўтиб кетди десак, телеканал рус тилида фаолият олиб борадиган кадрларни қаердан олади?
Г. С.: — Ўзбек журналистлари жойини бўшатиб, бошқа телеканалга ўтиб кетганидан кейин ҳозирги кунда кўплаб рус тилида фаолият юрита оладиган журналистларни ишга жалб қилиш ҳаракати бошланган. Айни пайтда “Dunyo bo’ylab” телеканалида русийзабон журналист кадрлар танқислиги сезилмоқда. Бу танқислик биринчи планга чиққан десак, муболаға бўлмайди. Барча ўзбек тилида ижод қиладиган журналистлар четлаштириляпти, яъни эфирга чиқишдан маҳрум бўляпти.
Эфир вақтини тўлдириш учун ёрдам чақириляпти. Ёрдамчилар ким? Афсуски, МТРКда рус тилида яхши кўрсатувлар тайёрлай оладиган мутахассислар жуда ҳам кам. Биз таржимонларни чақиришга мажбур бўляпмиз. Оригинал кўрсатувни кўриш қаерда-ю, таржима кўрсатувни кўриш қаерда? Бу икки хил муносабат. Телеканал эфир вақтини рус тилидаги фильмлар билан тўлдиришга ҳаракат қиляпти. Бу ўз-ўзидан телеканални русийзабон томошабинлар ҳам кўрмайдиган даражага тушириб қўяди. Нима учун дунёда шундай қизиқ воқеалар содир бўлаётган вақтда томошабин эски кинофильмларни кўриб ўтириши керак? Уларни телеканалга нима жалб этади? Ҳозирги кунда эфирга узатилаётган кўрсатувлар русийзабон аҳолини тўлақонли жалб этиш имкониятига эга эмас. Бу эса телеканал рейтинги тушиб кетишига олиб келади.
У. Х.: — Бугунгача “Оилавий” телеканали номи “Foreign Languages”га ўзгартирилди. Канал инглиз тилида ўз фаолиятини бошлаганига унинг ходимлари салбий муносабат билдирмадию нима учун “Dunyo bo’ylab” телеканали рус тилига ўтаётгани кенг жамоатчиликни эътиборини ўзига қаратмоқда?
Г. С.: — “Foreign Languages” телеканали нафақат инглиз балки турк, япон каби турли тилларда фаолият юритади. Ушбу телеканални асосий мақсади Ўзбекистон аҳолиси, ёш авлодни тил ўрганишга бўлган иқтидори ва қизиқишини орттиришдан иборат. Қизиқасизми? Марҳамат телевизорни қўйинг, бошқа тиллардаги кўрсатувларни кўринг. Бу қизиқиш билан боғлиқ. Лекин бу телеканал бир тилда фаолият юритмайди. Ушбу телеканалнинг очилиши учун Президент фармони (“Foreign Languages” хорижий тиллар телерадиоканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори) бор, қонуний ҳужжат бор. Лекин мен интернет тармоғида ўтириб қонун ҳужжатларини қараб чиқдим. Бирорта қонун ҳужжатида “Dunyo bo’ylab” канали рус тилида очилсин”, деган гап айтилмаган. Нима учун Президент қарори билан ташкил этилган телеканал Президент қарори билан рус тилига ўтиши керак эмас. Агар Президент шундай қарорни қабул қилганида биз ортиқча муаммоларни чиқармаган бўлардик. Чунки бу ҳақиқатда давлат сиёсатидан келиб чиққан қарор. Лекин мен айтиб ўтганимдек айни пайтда МТРК раиси томонидан эълон қилинган буйруқ ва Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан тақдим этилган дастурда ҳам тил кўрсатилмаган. Фақатгина концепциянинг бир бобида “эфир тили – рус тили” деб ёзиб қўйилибди. Меним-ча телеканални рус тилига ўтказиш учун, ўзбек тилини сиқиб чиқаришга бўлаётган қаршиликка муносабат билдириб ўтирмасдан, концепцияни ўзини ўзгартириш етарли деб ўйлайман.
Яна бир савол туғилади. “Dunyo bo’ylab” телеканали концепцияси ўзгарибди, унга рус тилида эфирга кетадиган канал сифатида қарай бошланилди. Унда нима учун ҳамон канал номи ўзбек тилида? Дейлик сиз китоб сотиб олдингиз, ўзбек тилидаги муқовага эга китобдан сиз русча матн қидирган бўлармидингиз? Ҳозир телевизорни қўйганимизда телеканалларнинг рўйхати чиқади. У ерда “Dunyo bo’ylab” телеканали номи ҳам бор. Нима учун хорижий мамлакатларда яшаётган мамлакатимиз фуқаролари “Dunyo bo’ylab” телеканалига қўйиб, рус тилидаги кўрсатувлар кутиши керак. Нима учун? Агар телеканал тили рус тилига ўзгартирилганида, унинг номи ҳам ўзгартирилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Лекин номини ўзгартириш учун Президент фармони ёки Президент қарори керак бўлади. Мана шу ўзаро уйғунлашмаган фикрлар бизнинг қаршилигимизга сабаб бўлмоқда.
У. Х.: — Ижтимоий тармоқлардаги саҳифангизга тез кунда МТРК раиси Алишер Хўжаев билан учрашув бўлиб ўтиши ҳақида ёзгансиз. У мажлисда раис нима дейишини билмаймиз, сиз у учрашувда Алишер Хўжаевга нималар дейишни режалаштиргансиз?
Г. С.: — Гап шундаки, ушбу мажлис уюштирилишидан олдин мен шахсан МТРК раиси билан учрашишга муваффақ бўлдим. Улар ўзлари мени хоналарига таклиф этдилар ва қаршилигимни сабабини сўрадилар. Қизиғи, Алишер Хўжаев менинг фикрларимни жуда ҳам самимий қабул қилдирлар. Кутилмаганда менга вазмин муносабат билдирилди. Мен улардан телеканал фаолиятида ижобий ўзгаришлар бўлишини сўраб қолдим. “Юқоридан келган топшириқни бажаряпмиз”, деган фикрни менга билдирганларида юқори ташкилотларга “Dunyo bo’ylab” телеканали ходими эмас, ўзбекнинг боласи сифатида мурожаат қилётганимизни етказиб қўйишларини сўрадим. Бунга ҳозирча жавоб бўлгани йўқ, ўйлайманки ушбу масала ижобий ҳал этилади. Мен шу "юқоридан" келган топшириқ деган раҳбарларга илтимос қиламан. Биз шунинг учун ижтимоий тармоқларда чиқяпмиз, шунинг учун илтимос қиляпмиз. Бизнинг мурожаатимизни айнан шу телеканални рус тилидаги форматга ўтказиш борасида ўз фикрларини билдирган, ўз таклифини билдирган инсонларга етказишингизни яна қайтадан илтимос қилиб қоламиз.
“Dunyo bo’ylab” бўйлаб канали муҳаррири Гулсара Соатхонова билан видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Улуғбек Худойберганов (Улуғбек Тошкандий) тайёрлади
LiveБарчаси