Уйини сотмоқчи бўлган фуқароларга интернетда эълон бериш тақиқланиши мумкин
Жамият
−
27 Декабрь 2023
9509Ўзбекистонда фуқароларга ўзларининг кўчмас мулк объектларини интернетда орқали реклама қилиб, сотишни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ҳужжат Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Қонун лойиҳасига кўра, кўчмас мулк объектларини реклама қилиш фақат риелторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали амалга оширилади.
“Жисмоний ёки юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларини реклама қилиш ва эълонлари, шу жумладан бутунжаҳон ахборот тармоғи Интернетда ёки ижтимоий тармоқлар саҳифаларида жойлаштириладиганлари, кўчмас мулк мулкдорлари томонидан фақат риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали бепуллик асосида амалга оширилади”, дейилади янги таҳрирдаги қонуннинг 27-моддасида.
Мазкур қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамалар ва танқидларга учраганидан сўнг, Давлат активларини бошқариш агентлиги киритилаётган ўзгаришларга изоҳ берди.
Агентликнинг тушунтиришича, 2010 йилдан бери амалда бўлган қонун замонавий воқеликларга ва риэлторлик фаолияти соҳасидаги ўзгаришларга мос келмаслиги сабабли “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунини янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати туғилган.
“Қонун лойиҳаси риэлторлик хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, “соядан” чиқишни рағбатлантириш ва ноқонуний (қора) риэлторлар ва риэлторлик ташкилотлари фаолиятини легаллаштириш, шунингдек, риэлторлик хизматлари истеъмолчиларини ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳамда ноқонуний риэлторлар томонидан фирибгарлик ҳолатлари авж олишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган”, дейилади расмий муносабатда.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ривожланган мамлакатлар тажрибаси ўрганилган, бунда АҚШ, Германия ва Францияда риэлторлар лицензияга эга бўлиши мажбурлиги ҳамда риэлторлар фаолияти кўпроқ тартибга солинган Бенилюкс мамлакатларида (Бельгия, Нидерландия ва Люксембург) риэлторлик фаолияти амалга оширишда лицензияга эга бўлишдан ташқари, ҳар бир агент проффессионал ташкилотлардан бирига аъзо бўлиши белгилангани қайд этилган.
Агентлик, мазкур қонун лойиҳаси юзасидан билдирилган танқидларга жавобан, унинг 3-моддасида ушбу Қонуннинг амал қилиши кўчмас мулк мулкдорлари ўзлари мустақил тузадиган битимларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилганини таъкидлаган.
“Шу билан бирга, Қонун лойиҳасининг 27-моддасида кўчмас мулк бозорида ахборот, маслаҳат ва реклама хизматлари қонунчиликда белгиланган тартибда тузилган риэлторлик хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади. Мазкур модданинг учинчи қисмида жисмоний ёки юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларини реклама қилиш ва эълонлари, шу жумладан бутунжаҳон ахборот тармоғи Интернетда ёки ижтимоий тармоқлар саҳифаларида жойлаштириладиганлари, кўчмас мулк мулкдорлари томонидан фақат риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали бепул амалга оширилади”, дейиади агентлик баёнотида.
Агентлик қонун лойиҳасининг 27-моддаси қоидаларининг таҳрири қайта ишланишини ва Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 11 ва 12-моддалари талабларига, шунингдек, кўчмас мулк эгалари манфаатлари ва қонунчилик техникасига мувофиқлаштирилишини билдирган.
“Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қайта ишланади ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади. Адлия вазирлигининг ижобий хулосаси олинганидан сўнг қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилади”, деб якунланади агентликнинг расмий муносабати.
Маълумот учун, қонун лойиҳаси учун муҳокама 29 декабрга қадар давом этади.
LiveБарчаси