“Уйда ёлғиз” фильмидаги Кевиннинг онаси вафот этди
Олам
−
31 Январь 13966 2 дақиқа
Кеча, 30 январь куни “Уйда ёлғиз” фильми ва “Шиттс Крик” сериали юлдузи, актриса Кэтрин О’Хара 71 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг агенти хабар берди.
Кэтрин О’Хара америка-канадалик актриса бўлиб, у энг аввало “Уйда ёлғиз” фильмидаги Кевин исмли боланинг онаси – Кейт роли билан танилган. Фильмда Кевин тасодифан уйда ёлғиз қолиб, ўғриларга қарши курашади.
2010 йилларнинг ўрталарида О’Хара яна катта машҳурликка эришди. У “Шиттс Крик” номли комедик сериалда асосий роллардан бирини ижро этди ва янги мухлислар орттирди.
Мазкур сериал миллиардердан банкротга айланган оила ҳақида бўлиб, улар кичик провинциал шаҳарчага кўчиб ўтишга мажбур бўлади.
Кэтрин О’Хара профессионал фаолиятини 1970 йилларнинг ўрталарида Канадада бошлаган. У комедик телекўрсатувларда қатнашган, нафақат актриса, балки сценарий муаллифи сифатида ҳам ишлаган. Айнан сценарий ёзишдаги ҳиссаси учун у 1982 йилда илк бор “Эмми” мукофотини қўлга киритган.
Унинг фаолиятидаги энг катта сакраш 1990 йилда чиққан “Уйда ёлғиз” фильми билан боғлиқ. Фильм сюжети бўйича оиласи билан саёҳатга чиққан Кевин самолётда эмаслиги фақат парвоз пайтида маълум бўлади ва онаси ўғлини қутқариш учун уйга қайтишга ҳаракат қилади.
Кэтрин О’Хара бу ролни 1992 йилда суратга олинган “Уйда ёлғиз 2” фильмида ҳам такрорлаган.
“Уйда ёлғиз” фильми бугунги кунгача энг машҳур Янги йил фильмларидан бири ҳисобланади. У ҳанузгача телеканалларда намойиш этилади ва платформаларда катта машҳурликка эга.
2010 йилларнинг ўрталарида Кэтрин О’Хара “Шиттс Крик” сериали орқали яна катта муваффақиятга эришди. Сериал 2015–2020 йилларда Канаданинг CBS телеканалида намойиш этилган ва жами 6 мавсумдан иборат.
Сўнгги йилларда ҳам Кэтрин О’Хара фаол ижод қилишда давом этган. У яқинда “Биздан қолганлар” сериалининг иккинчи мавсумида роль ижро этган.
2025 йилда эса у Сет Роген суратга олган “Киностудия” сериалида иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда “Уйда ёлғиз” фильми қаҳрамони Кевин онаси актриса Кэтрин О’Хара билан учрашганди.