“Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили жорий этилади. Бу нимани англатади?

Жамият

image

Ўзбекистонда турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёни янада тартибга солинади ва“Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили жорий этилади. Бу ҳақда жорий йил 27 январь куни қабул қилинган “Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида сўз боради.

Фармонга кўра, қуйидагиларни назарда тутувчи “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили жорий этилади:

  • турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
  • мавжуд ер ресурсларидан самарали (интенсив) фойдаланган ҳолда уй-жойлар қурилишини ташкил қилиш;
  • уй-жой қурилиши соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муддатларини қисқартириш;
  • уй-жойларни улуш киритиш ва ипотека кредити асосида сотиб олишнинг ишончли ва самарали имкониятини яратиш;
  • уй-жойлар қурилишида энергия самарадор қурилиш материалларидан фойдаланишни оммалаштириш.

Шунингдек, фармонга мувофиқ, жорий йил 1 июлдан қуйидагилар амалга оширилади:

  • объектларни қуришда қурилиш-пудрат ташкилотлари, девелоперлар ва буюртмачилар томонидан улушдорларнинг пул маблағларини қурилишга улуш киритиш асосида жалб қилиш фақат нотариал тасдиқланган ва кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилган объект қурилишида улуш киритиш асосида иштирок этиш шартномаси бўйича амалга оширилади;
  • улушли шартнома бўйича маблағлар улушдор томонидан ваколатли тижорат банкида қурувчи, улушдор ва тегишли тижорат банки ўртасида тузиладиган шартнома асосида очилган “эскроу” ҳисобварағига уларнинг ҳисобини юритиш учун жойлаштирилади ва депонентланади;
  • улушдорларнинг учинчи шахслар олдидаги мажбуриятлари ва қурувчининг мажбуриятлари юзасидан “эскроу” ҳисобварағи бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, маблағларни хатлаш ёки ҳисобдан чиқаришга йўл қўйилмайди;
  • биринчи босқичда қурувчи томонидан объектни қуриш ишлари умумий ҳажмининг камида 30 фоизи ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилгандан сўнг тижорат банки томонидан қурувчига мақсадли кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, ушбу фармон асосида қурилишга улушдорларнинг маблағларини жалб қилиш жорий йил 1 июлдан 31 декабргача “эскроу” ҳисобварақлари орқали ҳамда ҳозирда амалда бўлган улушли иштирок этиш тартибида тўғридан тўғри жалб қилиш механизми бўйича параллел равишда тарафларнинг танловига кўра амалга оширилади. Шунингдек, маблағларини жалб қилиш 2026 йил 1 январдан фақат “эскроу” ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.

“Шаффоф қурилиш” ахборот тизими доирасида уй-жойлар қурилиши бўйича электрон платформа яратилиб, 2025 йил 1 июлдан тўлиқ ишга туширилади. 2025 йил 1 июлгача улушли шартнома бўйича талаб қилиш ва гаров ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказишни назарда тутган ҳолда улушли шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва солиқ органларига электрон кўринишда тақдим этиб бориш тизими жорий этилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойилини амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

қурилиш Уй-жой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг