Ўтирсак ўпоқ, турсак сўпоқ – Алламжонов матбуотга босим бўлаётгани ва бу давом этишини айтди

Интервью

image

Ўтган йили сўз ва матбуот эркинлиги ҳимоясига отланган халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ҳукуматлардан пандемия фонида мамлакатда матбуот ва сўз эркинлиги таҳдид ва босим остида қолаётганидан ташвишда эканини айтиб чиқди. Пандемия фонида сўз эркинлигини “бўғган” давлатлар рўйхатига эса Ўзбекистон ҳам киритилди. Хўш, мамлакатда ҳақиқатан ҳам сўз эркинлиги босим остида қолдими? Агар яна коронавирус билан боғлиқ вазият жиддий тус олгудек бўлса, бунинг ортидан ОАВга босим кучаядими? Ушбу саволлар билан QALAMPIR.UZ’нинг #CoronaMarafoni жонли мулоқотида сайт раҳбари Қамариддин Шайхов Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновга юзланди. 

Ўзбекистонда ОАВ соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган ягона фонд раисининг фикрича, мамлакатда коронавирус талафотларининг кам бўлиши ва ўлим сони ортиб кетмаслигида журналистлар, матбуот ходимларининг ўрни катта. Гарчи улар босимлар остида қолган бўлса, ўз вазифасини бажаришга эришди. 

“Ахборотнинг очиқлиги туфайли ҳам ўлим сонининг кам бўлишига эришилди. Бошқалар буни тан оладими ё йўқ, инсофни уларнинг ўзига берсин. Лекин матбуот ўша вақтларда тўғри ахборотни бериб турмаганда, балки бошқача бўларди. Энг ёмон нарса – қоронғулик. Нурсиз ғорга кириб қолсангиз ва қаерга кетаётганингизни билмасангиз – бу энг ёмони. Матбуот пандемия даврида ўша ғорнинг охиридаги нур бўлиб кўриниб турди. Буни ҳеч ким инкон этолмайди. Ўзи биз матбуотчиларнинг пешонасига ёзилгани шу: ўтирсак ўпоқ, турсак сўпоқ. Бунга кўникиб, оддий ҳолатдек қарайвериш керак”, дейди Алламжонов. 

Алламжоновга кўра, айрим ҳолатларда журналист ва блогерларнинг ўзи ҳам тасдиқланмаган маълумотларни эълон қилиш орқали касбим этикани бузган. Бундайларга эса тўғри тушунтириш, илтимос қилиш орқали муросага келинган. 

“Матбуот ҳолатни кучайтириб, вазиятни оғирлаштириб юборди, деган гапларни кўп эшитамиз. Бу масалада қайсидир маънода жон бор. Ҳамма нарса барибир меъёрда бўлиши керак эди. Ўлимларнинг сони ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар, ваҳимали хабарларни тарқатиш ҳолатлари бўлди. Биз уларнинг ҳаммаси билан курашиб, ҳар бир ҳамкасбимизга тўғри тушунтириб, илтимос қилдик. Тасдиқланмаган маълумотни берсанг, ўзингга, қўшнингга, уйингга зарар, деб айтдик. Шу учун ҳам оғир вазиятдан жуда муваффақиятли чиқиб кетдик. Ва матбуот туфайли ҳар хил ноқонуний ҳолатлар, ўз ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг ҳаммаси назоратда турди. Бу жуда ҳам муҳим масала эди”, дейди матбуот фаоли. 

Бугунгача телевидениеда оддий мухбирликдан фаолиятини бошлаб, Давлат солиқ қўмитаси Матбуот котиби, Президент Матбуот хизмати раҳбари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимларигача эришган Комил Алламжонов бот-бот босимларни оқламаслигини айтади. 

“Матбуотга босим ҳар доим бўлган, бўлмоқда ва бундан кейин ҳам бўлади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ҳам ўтган йили бутун дунёга “вазиятдан фойдаланиб матбуотни бўғманг, матбуотга босимни камайтиринг”, деб мурожат қилди. Кўплаб бундай чақирувларни эшитдик. 

Биласизми, ўша вақтда матбуотга нисбатан босим уруш кетаётган майдондаги “эмоциональ” ҳолат эди. Масалан, сиз кимнингдир ҳаёти учун курашаётганингизда ҳали у тарафингиздан келиб, ҳали бу тарафингиздан келиб савол беришса, “эй, бор кет” деб юборасиз. Бу ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Шунга қарамай, матбуотимиз ўша вақтда тушкунликка тушмасдан фаолиятини давом эттирди. 

Юқоридаги мисол билан матбуотга ҳақли босим бўлди, дейишдан йироқман. Мен учун босим ҳеч қачон ҳақли бўлмайди. Лекин ҳар бир ҳолат айнан қайсидир воқеанинг ўзи билангина боғлиқ. Масалан, аниқ бир ҳолат ҳақида фикримни сўрашса, фарқли муносабат билдиришим мумкин, аммо умумий жиҳатдан босимларга қаршиман. Аслида ҳар қайси ҳолатда ҳам матбуотга босим ўтказилишини оқламайман”, дейди Комил Алламжонов. 


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг