Ўтган йили мурожаатлар ортидан 32 нафар раҳбар ва тарбиячи ишдан олинган

Жамият

image

2024 йилда болаларга нисбатан ишлатилган қўполлик юзасидан мурожаатлар ортидан 32 нафар раҳбар ва тарбиячи ишдан олинган. Бу ҳақда бугун, 6 март куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова давлат ва нодавлат мактабгача таълим тизими масъуллари билан учрашувда сўз очди.

Билдирилишича, учрашувда марказий ва ҳудудий студиялардан республикадаги 38 мингдан ортиқ давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этган. Умаровага кўра, сўнгги йилларда мактабгача таълим соҳасига берилган катта эътибор натижасида боғчалар сони 8 баробарга ошиб, 38 мингдан ортди ва болаларнинг қамров даражаси 2017 йилдаги 27 фоиздан 77 фоизга етказилган. Ташкил этилган боғчаларнинг қарийб 7 мингтаси давлат боғчаси бўлса, қолган 31 мингдан ортиғи нодавлат боғчалар ҳисобланади. Нодавлат боғчаларда ҳозирда қарийб 1 миллионга яқин болаларимиз тарбияланмоқда. 

Қайд этилишича, кунора ижтимоий тармоқларда боғчаларда айрим тарбиячилар томонидан болажонларга нисбатан ишлатилган қўполлик, тарбиясизлик ҳолатлари акс этган видеолавҳа ва турли хабарлар тарқатилмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида айни шу масалада вазирликка юзлаб мурожаатлар келиб тушган. Ўрганишлар натижасида 32 нафар раҳбар ва тарбиячи лавозимидан озод этилган, 3 нафари жавобгарликка тортилган, 15 нафарига интизомий чора кўрилган, 15 та хусусий боғчага берилган лицензия бекор қилинган.

“Йиғилишда айтилганидек, бир муҳим жиҳатни унутмайлик: биз келажагимизни билимли, дунёқараши кенг ва мустақил фикрлайдиган ёшлар билан тасаввур қиламиз. Бола билан муносабатда бўлаётган ҳар бир мутахассис мана шу масъулиятни ҳис қилиши лозим. Ҳар бир боланинг соғлом ва баркамол вояга етишига давлат кафил! Бу хусусийми, давлат ва хусусий шерикликми ёки оилавий боғча бўладими, қонун талаби, тартиблар ҳамма учун бир!”, дейди вазир.

Унинг таъкидлашича, таълим-тарбия куч ишлатишдан ҳоли бўлиши лозим. Болаларга нисбатан қўполлик қилган ёки шафқатсизларча муносабатда бўлган тарбиячи, педагогга қонун доирасида чора кўрилади. Узр, огоҳлантиришлар билан қутилиб қолиш йўқ, бу ўринда МТТ раҳбариятининг шахсий жавобгарлиги ҳам кучайтирилади. Буни тизимда ишлаётган ҳар бир раҳбар, педагог, тарбиячи ва ёрдамчи ходимлар бирдек тушуниши, шу тартибга риоя этишлари шарт.

“Йиғилишда фаол раҳбарлар томонидан билдирилган ҳар бир муаммо, таклифларни ёзиб олдик, муаммоларни ҳал этиш, ташаббусларни амалга ошириш бўйича ишни эса аллақачон бошладик. Биз бундай форматдаги учрашувларни яна ташкил этиб борамиз. Жамоамиз таклиф ва муаммоларни эшитишга ҳамиша тайёр”, дейди вазир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Жомбой туманида болаларни уриб, уларни ҳақорат қилган боғча тарбиячиси ишдан бўшатилган эди. Шунингдек, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида жарима қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

тарбиячи Ҳилола Умарова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг