Устозларга нисбатан ҳурмат қадриятини барча мансабдорлар инобатга олиши шарт – “Юксалиш”
Жамият
−
04 Август 2023
7538Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган Сурхондарё вилояти ҳокими ва мактаб директори ўртасидаги тортишув видеоси турли муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ушбу ҳолатга “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўз муносабатини билдирди.
“Авваламбор таъкидлаш жоизки, халқимиз орасида устозларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш алоҳида қадриятга айланган ва буни барча даражадаги мансабдорлар инобатга олиши шарт. Қолаверса, юқоридаги каби ҳолатлар Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлат сифатидаги ижобий қиёфасига, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмунига путур етказмаслиги лозим”, дейилади муносабатда.
Ҳаракатнинг билдиришича, янгиланган Конституцияга мувофиқ, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклигига оид нормага қатъий амал қилиниши шарт.
Эслатилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Конституцияда педагогларнинг мақоми аниқ белгиланган ва айни кунларда “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган.
“Мана шундай ижобий ўзгаришлар манзарасида юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг кузатилиши соҳада олиб борилаётган давлат сиёсатига соя солиши табиий”, дейилади ҳаракат баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг директори вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан жанжаллашгани акс этган видео тарқалганди. Видеода вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов директорни ўрнидан турғазиб, уни “мактабдаги муҳитни бузганлик”да, “вилоятни бутун дунёга шарманда қилганлик”да айблаганди. Бунга жавобан, директор Т.У. ўзига нисбатан айтилган айбловларни рад этиб, “милтиқ бўлса, отиб ташланг”, дея эътироз билдирган. Ушбу ҳолатга Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова муносабат билдириб, ўқитувчи Т.У. маъмурий қамоқ жазосидан озод қилинганини ва ҳолат шахсан унинг назорати остида эканини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, ушбу можаронинг асл илдизи 2021 йилги воқеаларга бориб тақалади. Ўшанда Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари мактаб директори Т.У. ўқитувчиларга зуғум ўтказиб, уларнинг дарс соатларини қисқартириб юборгани ҳамда малакали кадрларни ишдан бўшатганини айтиб, республика раҳбариятига мурожаатлар йўллаган. Ўқитувчилар маҳаллий интернет нашрларидан бирини мактабга таклиф қилиб, ундан ҳолатни ўрганишни сўраган. Т.У. мактабга борган журналистларни ҳайдаб чиқариб, уларнинг камерасини синдириб ташлаган.
Ушбу ҳолат жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Т.У.га нисбатан ўз лавозим мажбуриятларига совуққонлик билан ёндашиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ижро интизомини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун ҳайфсан чораси қўлланилган. 2021 йилнинг 10 декабрида эса у ишдан бўшатилган. Бироқ, 2022 йил 10 февраль куни унинг ишдан олиниши ноқонуний бўлган, деган хулосага келиниб, мактаб директорлигига қайта тайинланган. Тарқалган видеодаги ҳолатда ҳоким Улуғбек Қосимов “бутун дунёга шарманда қилдингиз” деганда айнан шу воқеаларни назарда тутган бўлиши мумкин.
LiveБарчаси