Усмоновнинг вилласидаги тинтувда ноёб буюмлар топилди – ОАВ

Олам

image
0:00
0:00
download

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли экани айтилаётган Тегернзее (Германия) шаҳридаги виллада ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Фаберже” тухуми экани тахмин қилинаётган нодир тақинчоқларни топишди. Бу ҳақда “Spiegel” нашри хабар берди.

“Россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг уйида тинтув ўтказиш чоғида терговчилар қизиқ топилмага дуч келишди. Терговчилар миллиардернинг Тегернзеедаги виллаларидан биридаги сейфдан нодир тақинчоқларни мусодара қилди. Бу тўртта Фаберже тухуми бўлиши мумкин”, деб ёзади нашр.

Заргарлик буюмларининг ҳақиқийлиги текширилмоқда. Ҳаммаси бўлиб 24 та объектда тинтув ўтказилган.

“Spiegel” нашрига кўра, Усмонов “ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, жиноий даромадларни легаллаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш”да гумон қилинмоқда. Хусусан, нашрга кўра, 2014 йилдан 2022 йилгача олигарх 555 миллион евро солиқ тўлашдан бўйин товлаган бўлиши мумкин.

Аввалроқ Жиноят ишлари бўйича федерал идора ходимлари ва солиқ идоралари ходимлари Усмоновнинг Баварияда жойлашган “бир қанча мулклари”да тинтув ўтказаётгани ҳақида хабар берилганди.

Алишер Усмонов АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкциялари остида. У Россиядаги олтинчи бой, Металлоинвест ва Мегафон компанияларининг эгаси. Унинг бойлиги санкциялар жорий қилинганидан кейин 21,6 миллиард доллардан 18,9 миллиард долларга тушиб кетди. Аввалроқ Германия Усмоновнинг 750 миллион долларлик Дилбар суперяхтасини ҳибсга олган эди. 

Баҳорда Усмонов Европа Иттифоқининг Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан унга нисбатан қаттиқ санкциялар қўллаш қарори устидан шикоят қилган. Усмонов 29 апрель куни ЕИ Бош судига апелляция аризаси билан мурожаат қилиб, судьялар якуний қарорга келгунига қадар санкцияларни тўхтатиб туришни сўраган. 

Қайд этилишича, Европа Иттифоқининг санкциялари бўйича суд жараёни бир неча йил давом этиши ва камдан-кам ҳолларда улар қаратилган шахсларнинг ғалабасига олиб келиши мумкин. Хусусан, қочоқ Украина собиқ президенти Виктор Янукович ва унинг ўғли 2014 йилдан бери, ҳаттоки уларни 2020 йилги санкцияларга киритиш бўйича судларда ғалаба қозонганидан кейин ҳам Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида қолмоқда. 

16 сентябрь ҳолатига кўра, Германия камида 4,88 миллиард евролик Россия активларини музлатиб қўйган.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Усмонов

Баҳолаганлар

551

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг