Усмонов UBS Europe банкини судга берди
Жамият
−
18 Июнь
6197USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов 2024 йилнинг 7 июнь куни Франкфурт-Майн минтақавий судига UBS Europe SE (собиқ UBS Deutschland AG) банкига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда тадбиркорнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Стефани Рабенау маълум қилди.
Усмоновнинг фикрича, 2018-2022 йилларда банк Германиянинг молия органларига шубҳали молиявий операцияларни амалга оширгани ҳақида бир қатор асоссиз хабарномалар юборган. Бу эса унга қарши сиёсий суриштирувлар ўтказилишига туртки бўлган.
Адвокат Рабенаунинг баёнотидан маълум бўлишича, UBS банки Германия божхона бош бошқармасининг молиявий мониторинг бўлимига агар ёлғон дейилмаса, ўндан ортиқ бемаъни ва асоссиз ноталар юборган. Улар орасида нақд пул олиш ҳамда ижара тўловларида пул ювиш даъволари бор эди. Шу билан бирга, Рабенау банк ўз шубҳаларини тасдиқловчи ҳеч қандай факт келтирмаганини айтиб ўтган.
Бундан ташқари, 2022 йилда UBS хабарномалари Германияда Алишер Усмоновга қарши тергов бошланишига сабаб бўлди. Суриштирувлар асносида тергов органлари Усмоновга тегишли дея хато хулосага борган бутун мамлакатдаги объектлар, жумладан, Бавариядаги кўчмас мулк объектларида ва “Дилбар” яхтасида тинтувлар ўтказган. Бу тергов ва тинтувлар оммавий ахборот воситаларида ёритилган ҳамда тадбиркорга нисбатан санкцияларни кенгайтириш учун ишлатилган.
“Банк хизматлари шартномаси ва банк сирини сақлаш қоидаларига зид равишда UBS мижоз ҳақидаги маълумотларининг махфийлигини бузган, у ҳақда ёлғон баёнотлар тарқатган, шунингдек, шахс ҳуқуқлари борасидаги умумий ҳуқуқларни қўпол равишда бузган. Шартноманинг банк томонидан бузилиши Усмоновнинг молиявий йўқотишларга ва унинг обрў-эътиборига катта зарар етказилишига олиб келди. Моҳиятан, UBS айбсиз шахсни ноқонуний жиноий таъқиб қилишнинг фитначиси ва иштирокчисига айланган ва ўз мижозига санкция қўлланилишига сабаб бўлган”, деган адвокат Стефани Рабенау.
Тадбиркорнинг вакили Питер Гаувейлер эса етказилган зарар миқдорини ҳозирча баҳолаб бўлмаслигини қўшимча қилган. У UBS учун оқибатларни цунами оқибатлари билан тенглаштирган.
Алишер Усмонов 2022 йилнинг февралида Европа Иттифоқи (ЕИ) санкцияларига учраган эди. Ўша йилнинг кузида Мюнхен прокуратураси ЕИ жорий қилган чекловларни бузган ҳолда, тадбиркор Германиядаги мол-мулкини назорат қилиш учун қўриқлаш компаниясига пул тўлаганини билдирган. Германиянинг турли шаҳарларида тадбиркорга тегишли бўлган барча кўчмас мулк объектларида тинтувлар ўтказилган. 2023 йилнинг май ойида Франкфурт-Майн минтақавий суди асоссиз тахминлар билан ўтказилган бундай тинтув ишларини ноқонуний деб топди. 2024 йилнинг март ойида Германиядаги тадбиркорнинг мол-мулк объектларида ўтказилган ноқонуний тинтувларга қарши текширув бошланди. Бунда Бош прокуратура ходими ва катта прокурор одил судловдан четга чиқиш ва бегуноҳ инсонни таъқиб қилганликда айбланмоқда.
Адвокатларнинг фикрича, Усмоновнинг UBS’га қарши иши мисли кўрилмаган жараён бўлиб, Германия банк тизими учун қонуний иш бўлиши кутилмоқда. Улар тадбиркорни Лео Кирхнинг Deutsche Bank’га қарши судлашиши билан солиштиришган. Медиамагнат Кирх банк вакилларининг баёнотлари инвесторларнинг банкротликка олиб келган Kirch Gruppe’га ишончини сусайтирганликда айблаганди.
Кўп йиллик суд жараёни 2014 йил бошида якунига етди. Deutsche Bank ўша пайтда аллақачон вафот этган медиамагнатнинг меросхўрлари билан шартнома тузиб, уларга 775 миллион евро тўлаб берган. Қизиқарлиси шундаки, ўшанда Кирхлар оиласининг вакили бўлган Петер Гаувайлер айни пайтда Алишер Усмоновга ёрдам бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия суди Алишер Усмонов фойдасига қарор чиқарганди. Шунингдек, миллиардер “Путин Россияси”дан узоқлашишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси