Уруш таҳликаси: Путин захирадаги аскарларни ҳарбий тайёргарликка чақирди
Олам
−
19 Февраль 2022
11806Россия Президенти Владимир Путин захирадаги аскар ҳисобланувчи барча Россия Федерацияси фуқароларини 2022 йилда ҳарбий тайёргарликка чақириш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ТАСС маълум қилди.
“2022 йилда захирада бўлган фуқаролар Қуролли Кучлар, Миллий гвардия қўшинлари, давлат хавфсизлик органлари ва Федерал хавфсизлик хизматига ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун чақирилсин”, дейилади фармонда.
Россия Федерацияси ҳукумати ва субъектларининг ижро этувчи ҳокимият органларига фуқароларни ҳарбий тайёргарликка чақириш ҳамда ушбу ўқув йиғинларини ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишни таъминлаш топширилди. Фармон эълон қилинган кундан, яъни 18 февралдан эътиборан кучга кирди.
Маълумот учун, захирадаги фуқаролар учун ҳарбий тайёргарликнинг умумий муддати икки ойдан ошмаслиги керак. Бундан ташқари, захирадаги фуқаролар ҳар уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ҳарбий тайёргарликка чақирилиши мумкин. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ўт ўчириш хизмати, божхона органларининг ходимлари, давлат хизматчилари ва “давлат органларида банд қилинган” фуқаролар ҳарбий тайёргарликдан ўтказилмайди. Авиация ва темир йўл транспорти, денгиз ва дарё флоти кемаларининг сузувчи таркиби ходимлари ҳам муддатли ҳарбий хизматдан озод қилинади.
Россия Президенти Владимир Путин ҳарбий тайёргарлик тўғрисидаги олдинги фармонни 2021 йилнинг апрелида имзолаган эди.
Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса, бошқа томонда ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди.
Оммавий ахборот воситаларига кўра, ҳозирда Украина атрофида 190 мингга яқин рус қўшинлари тўпланган. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европадаги энг катта ҳарбий сафарбарликдир.
Украина шарқидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари аҳолини Россияга эвакуация қилишни бошлаган. Минтақадаги россияпараст сепаратистлар Киевни уруш бошлашда айбламоқда.
LiveБарчаси