Қашқадарёда 3 та айиқ аҳолининг чорва молларига ҳужум қилди
Жамият
−
10 Июль
10853Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Ургут тумани “Сойғўс” МФЙ ҳудудида 3 та айиқ келиб, маҳаллий аҳолининг қўй ва молларига ҳужум қилаётгани ҳақида маълумот тарқалди. Самарқанд вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва унинг Ургут тумани инспекцияси давлат инспекторлари томонидан тезкор тартибда назоратга олинди.
Аниқланишича, ушбу ҳолат Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари чегарасида жойлашган Кункўрмас довонининг Қашқадарё вилояти ҳудудида содир бўлган. Сув сатҳидан 2500-2700 метр баландликдаги ушбу ёввойи табиатга тегишли бўлган айиқларнинг яшаш манзилида Ургут тумани “Сойғўс” МФЙнинг чўпонлари ижара асосида мол ва қўйларини боқиб келишаётганда ноёб тур ҳисобланган Ўрта Осиё қўнғир айиқлари тўрт бош эчкини еб қўйган. Бироқ чўпонларга ёки айиқларга талафот етмаган.
Шунингдек, маҳаллий аҳоли айиқлар 2 кун олдин кечаси “Сойғўс” МФЙга 2-3 километр яқинликдаги тоғ бағрида ўсувчи мевали дарахтларни ейиш учун тушиб келганини таъкидламоқда.
“Ҳозирда тегишли мутахассислар томонидан ҳолат назоратга олиниб ўрганиш ишлари давом этаётганлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, май ойида Сурхондарёда аҳоли яшайдиган ҳудудга келиб қолган айиқ отиб ўлдирилганди.