Умрага юборишни ваъда қилиб, 3 минг доллар сўраган раҳбар қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
09:05 419 1 дақиқа
Самарқанд шаҳрида фуқароларни Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, 3 минг АҚШ доллари талаб қилган туристик фирма раҳбари ушланди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 14 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.
Туристик фирма раҳбари Н.М. фуқарони Умрага юбориш хизматини таклиф қилиб, бунинг эвазига 3 минг доллар талаб қилган. У пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
“Умра зиёратини ташкил этиш ва ўтказиш фақат махсус лицензияга эга юридик шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин. Фуқароларга сафар олдидан хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг тегишли лицензияси борлигини текшириш тавсия этилади”, дея таъкидлаган қўмита.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон ва Фарғона вилоятларида одамларни Умра зиёратига ноқонуний юборишга уринган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси