“Умра”ни ноқонуний ташкиллаштирган 19 та турфирма жаримага тортилди
Жамият
−
19 Март
2914“Умра” лицензиясига эга бўлмасдан, ушбу хизматни кўрсатаётган 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита маълум қилди.
Билдирилишича, сўнгги икки ойда “Ҳаж” ва “Умра” зиёратини қонунга хилоф равишда ташкил этишнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган текширувларга кўра, “Умра” лицензиясига эга бўлмасдан, ушбу хизматни кўрсатаётган 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун талаблари асосида “Умра” фаолиятини лицензиясиз амалга оширган 24 та турфирмада текширув ўтказилган ҳамда уларнинг 19 тасига 75 млн сўмдан жарималар қўлланилган. шундан 5 таси “Реклама тўғрисида”ги қонунчиликка асосан Рақобат қўмитасига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонуний кўриб чиқиш учун юборилган.
Қонунчиликка кўра, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш тақиқланган. Шунингдек, фуқароларни Умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистони подшоҳлигига умра визасиз юбориш тақиқланади.
“Шундай экан, ҳурматли юртдошлар! Умра сафарига боришдан олдин ҳар қандай “турфирма”нинг Дин ишлари бўйича қўмита томонидан тақдим этилган “Умра лицензияси” мавжудлигини суриштириб олишингизни тавсия қиламиз! Ноқонуний “турфирма” ёки “турагент”лардан огоҳ бўлинг! Дин ишлари бўйича қўмита зиёратчиларимизни “Умра” амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун огоҳ бўлишлари ва кейинчалик турли кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмасликлари мақсадида ишончли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишларини тавсия этади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 364-сон қарорига асосан “Ҳаж” тадбири Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, “Умра” тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 668-сон қарори асосида амалга оширилади.
“Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Ҳаж-умра маркази ҳамда 12 та тадбиркорлик субъектлари ваколатли ҳисобланади.
LiveБарчаси