Уммонда Эрон ва АҚШ билвосита музокарага киришди

Олам

image

Бугун, 12 апрель куни Уммон пойтахти Маскатда Эрон ва АҚШ ўртасидаги билвосита музокаралар бошланди. Бу ҳақда “Tasnim” хабар берди.

Қайд этилишича, музокараларда Эрондан Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, АҚШдан эса Президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этмоқда. Томонлар бир хонада ўтирмайди – улар ўз позицияларини Уммон Ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусаидий орқали бир-бирларига етказмоқда.

Маълумот учун, бу Дональд Трамп Оқ уйга қайтгандан бери Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги илк муҳим музокаралар ҳисобланади. Вашингтон Теҳрондан ядровий дастурининг ҳарбий компонентидан тўлиқ воз кечишни талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, музокаралар бўлиши 7 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан эълон қилинган эди. Шунингдек, Трамп 7 март куни Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийга хат юборганини билдирган. Унда Президент Эронни икки йўлдан бирини танлашга ундаган: “келишувга эришиш ёки АҚШ билан ҳарбий тўқнашув”. Бу мактуб БАА орқали етказилган, бироқ унинг мазмуни ошкор этилмаган. “Axios” нашрига кўра, Трамп Теҳронга янги ядровий битим бўйича музокараларни бошлаш учун 60 кунлик муддат берган.

Март ойи охирида Эрондан АҚШга Уммон воситачилигида жавоб етказилган. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг айтишича, Теҳрон бевосита музокараларни рад этган, бироқ “билвосита мулоқот йўли очиқ қолган.”


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Уммон билвосита музокара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг