Уммон Ҳормуз бўғозида ёнаётган нефть танкеридан 25 кишини қутқарди

Олам

−

image

Уммон Ҳормуз бўғозида ёнаётган хом нефть танкеридан 25 нафар экипаж аъзосини қутқариб қолди. Воқеа Эрон Ҳормуз бўғозидан “рухсат этилмаган йўналишлар” орқали ўтишга уринган тўртта нефть танкери тўхтатилганини маълум қилган бир пайтда содир бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Маълумотларга кўра, Уммон Денгиз хавфсизлиги маркази жорий йилнинг 30 октябрь куни RITI савдо кемасидаги 25 нафар экипаж аъзоси эвакуация қилинганини билдирган. Кема Панама байроғи остида ҳаракатланган. “MarineTraffic” кемалар ҳаракатини кузатиш платформаси эса уни хом нефть ташувчи танкер сифатида қайд этган.

Ҳозирча ёнғин келиб чиқишига нима сабаб бўлгани ва танкер Эрон томони тўхтатган тўртта кема орасида бўлган-бўлмагани маълум эмас.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) маълум қилишича, тўхтатилган тўртта кема ҳам нефть ташиган. Улар “рухсат этилмаган йўналишлар” орқали ўтишга уринган вақтда турли ҳодисаларга дуч келган ёки денгиз миналарига учраган.

“Ҳормуз бўғозининг шарқий қисмидаги битта ва ғарбий қисмидаги яна бир нефть танкери рухсат этилмаган йўналиш орқали ўтишга уринганида бахтсиз ҳодисага учради ва бўғоз жанубидаги сувларда тўхтатилди”, дейилади ИИҚКнингжорий йилнинг 30 октябрь куни тарқатган баёнотида.

Бир неча соат ўтгач, корпус яна иккита танкер денгиз миналарига дуч келиши оқибатида портлаб, ёниб кетганини маълум қилган. Уларнинг ҳар бири 2 миллион баррелдан ортиқ нефть ташиган. Шунингдек, Эрон Ҳарбий-денгиз кучлари жорий йилнинг 30 октябрь куни бўғознинг шарқий қисмида душманга тегишли учувчисиз қурилма уриб туширилгани ва йўқ қилинганини билдирган.

Эрон аввал ҳам Теҳрон рухсатисиз Ҳормуз бўғозидан ўтишга уринган кемаларни бир неча бор огоҳлантирган. Мамлакат ўтган ойда бундай кемалар “йўқ қилиниши” мумкинлигини билдирган эди.

Маълумот учун, Теҳрон жорий йилнинг 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаганидан бери Ҳормуз бўғозининг катта қисми устидан назорат ўрнатганини даъво қилмоқда. Бироқ АҚШ ҳарбийлари Эроннинг денгиз миналари ҳақидаги даъволарини рад этмоқда. АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Бред Купер кеча, 30 октябрь куни Ҳормуз бўғозидаги халқаро миқёсда тан олинган асосий транзит йўналишлари Эрон денгиз миналаридан тозаланганини маълум қилди.

Буюк Британиянинг Денгиз савдо операциялари агентлиги маълумотига кўра, Ҳормуз бўғози орқали кемалар ҳаракати урушдан олдинги кўрсаткичларга нисбатан қарийб 70 фоизга камайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳормуз бўғозида бир кечанинг ўзида еттита нефть танкери ҳужумга учрагани ҳақида хабар берилган эди.

Жасмина Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг