Ўлим жазоси қайта тикланадими?
Таҳлил
−
12 Июль
10246Кутилмаган таклифлари билан доим муҳокама ва мунозараларни бошлаб берадиган депутат Алишер Қодиров яна баҳсли фикрни илгари суриб, жамоатчиликни иккига бўлди. Кеча, 11 июль куни Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари ва “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров ўлим жазосини тиклаш кераклигига шама қилиб пост жойлади.
“Кеча ёш бир йигитга 20 марта пичоқ уриб ўлдирган жиноятчи судда пушаймонлигини айтиб, 17 йилга қамалди. 25 ёшли бу махлуқ қамоқдан 42 ёшида жамиятга ким бўлиб қайтади? Ҳайвонлашиб кетган жиноятчини солиқларимиз ҳисобига соғлигини сақлаб, қорнини тўйдириб, бошқа инсон бўлиб қолишини кутиб ўтириш-мантиқсиз!
Бундайлардан жамиятни тозалаш керак! Болалар ва бегуноҳ аҳоли қирғинига юзсизларча кўз юмиб, дунёга инсонпарварликдан дарс бераётганларнинг инсонқарашига мослашишга мажбурмизми? Бу махлуқлар нафақат бугун, балки келажакдаги про-махлуқларга намуна-устоз бўлиб хизмат қилишини унутмаслик керак”, деб ёзди Қодиров.
3 ёшли боланинг бир эркак томонидан 12 марта пичоқлаб ўлдирилиши ҳақидаги даҳшатли воқеа фонида кўпчилик ўлим жазосини тиклаш ташаббусини қўллаб-қувватлаяпти. Айниқса, Қодировнинг маҳбуслар солиқлар ҳисобидан боқилишини қистириб ўтгани бошқаларни ҳам “илҳомлантириб юборди”. Алишер Қодировнинг Facebook саҳифасида қолдирган постига ёзилган изоҳларнинг талайгинаси жиноятчиларни ўлдириш кераклиги ҳақида. Аммо ўлим жазоси тикланишига қарши фикр билдирганлар ва бу таклиф партия раҳбаридан чиққанидан ажабланганлар ҳам бор.
Иқтисодчи Отабек Бакиров Х (Тwitter)даги шахсий саҳифасида парламентнинг иккинчи партиясидан бундай таклиф чиқишини даҳшат деб атади ва ўлим жазосидан саройдаги “масхарабозлар” ҳам суғурта қилинмаганини эслатиб ўтди.
"Жаноб Қодиров диктатура ва тоталитар жамиятларда ўлим жазоси энг аввало сиёсий рақиблар ва ўзгача фикрловчиларга қарши қўлланилишини билмаслиги мумкин эмас. Мустақил суднинг йўқлиги ҳисобга олинса, бу Сталинча тройканинг тикланиши бўлади.
Ўлим жазосини тиклаш, ҳарбий-сиёсий иттифоқларга кириш, хорижий давлатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштириш каби мустақил давлат ва эркин жамият асосларини емирадиган таклифлар табу мавзулар бўлиши керак”, деб ёзди Бакиров.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев эса ўлим жазосини тиклаш керак деганларга Конституция китобини совға қилиш таклифини берди. У Қодировнинг фикрига умуман қўшилмаслигини билдириб, сабабини қуйидагича изоҳлаган:
“Биринчидан, ўлим жазоси эҳтимолий нохолис ўтказилган тергов ёки нотўғри чиқарилган ҳукм таъсирида жазоланган бегуноҳ инсоннинг ҳаёти бутунлай йўқотилишига олиб келиши мумкин. Тарих тирик гувоҳ. Суд қарори қанчалик адолатли кўринмасин, йиллар ўтиб жиноятчи аслида умуман бошқа шахс бўлганлиги аниқланган кейслар жуда кўп. Мисол учун каннибал Чикатило Унинг қотиллиги деб бошқа инсон ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Иккинчидан, ўлим жазоси жиноятчилик даражасига таъсир кўрсатмайди. Жиноятлардан тийиб турадиган самарали воситалардан бири жазонинг шафқатсизлигида эмас, муқаррарлигида намоён бўлади. Қолаверса, ўзга бир инсоннинг умрига нуқта қўйишга сабабчи бўлган қотилга ўлим жазосини берсак, ўша ваҳший кимсадан фарқимиз қолмайди. Давлат ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳаққи йўқ, деб ўйлайман. Яшаш бу табиий ҳуқуқ!
Алишер Қодировнинг фикри нотўғри талқин қилиняптими?
“Миллий тикланиш” демократик партияси раисининг мафкуравий масалалар бўйича ўринбосари Миродил Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, Алишер Қодиров ўлим жазосини тиклашни назарда тутмаган. Унинг гаплари нотўғри талқин қилинмоқда.
“Биламизки, Бош Қомусимизда оғир жиноят содир этганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши белгиланган. Балки, Алишер Қодиров “яшамаслиги керак” ибораси билан айнан шу моддани назарда тутгандир. Ёки бундайлардан жамиятни тозалаш керак деганда айнан ана шу модда хаёлига келган бўлиши мумкин!
Назаримда, ҳар қандай ҳолатда, ҳатто оғриқли эҳтирослар тошиб кетган тақдирда ҳам фикр ва мулоҳаза нотўғри таржима қилинмаслиги керак. Агар А.Қодиров оғир жиноятларга нисбатан ўлим жазоси қайта тикланиши кераклигини айтмоқчи бўлганида, у бу фикрни ялтир-юлтур қоғозларга ўраб ўтирмай, шартта айтган бўларди. Ҳар қалай, Алишер Қодировнинг бунақа масалаларда қатъий эканини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак”, дейди “Миллий тикланиш” демократик партияси раисининг мафкуравий масалалар бўйича ўринбосари.
Ўлим жазоси жиноятчиликни камайтирадими?
Америка эркин фуқаролари иттифоқи ташкилотининг маълум қилишича, жиноятчиликнинг олдини олишда ўлим жазоси узоқ муддатли қамоқ жазосига қараганда самаралироқ эканлигини илмий исботловчи таҳлиллар мавжуд эмас. АҚШнинг ўлим жазоси бекор қилинган штатларида жиноят ёки қотиллик даражасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган.
2022 йилда дунё давлатларидаги жиноятчилик даражалари кўрсаткичида АҚШ ўз қонунчилигида ўлим жазосини сақлаб қолганлиги ҳамда 2021 йилда 11 кишини қатл қилинганлигига қарамасдан, ўлим жазоси 2000 йилдаёқ бекор қилинган Украинага қараганда ёмонроқ кўрсаткични қайд этган.
Шунингдек, ўлим жазоси тақиқланган Грузия, Арманистон ва Словения давлатлари жиноятчилик кўрсаткичлари бўйича ўлим жазоси амалда мавжуд бўлган Хитой ва Қатардан кўра анча яхши натижаларга эришган.
Юқоридагилардан англашиладики, ўлим жазосининг жорий этилиши жиноятчиликнинг камайишига жиддий таъсир кўрсатмайди.
Халқаро Амнистия ташкилоти (Amnesty International)нинг 2022 йил биринчи ярмигача бўлган статистикасига кўра, дунёдаги 93 та давлат қонунчилигида ўлим жазоси расман сақланиб турибди. Шулардан 56 та давлатда ўлим жазоси қўлланилаётган бўлса, 29 та давлат қонунчилигида ўлим жазоси белгиланган, бироқ охирги 10 йил ичида бир марта ҳам бу жазо тайинланмаган. 8 та давлатда эса ўлим жазоси фақат терроризм ва уруш жиноятчиларига нисбатан қўлланилиши белгиланган.
Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши
Ўзбекистонда 2008 йилгача ўлим жазоси бўлган. Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан 2005 йил 1 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги фармон билан 2008 йилнинг 1 январдан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилиниб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган.
Конституция янгиланаётган пайтда, яъни 2022 йилда Ўзбекистонда ўлим жазосини тиклаш бўйича таклифлар берилган ва ўшанда ҳам бу масала турли баҳсларга сабаб бўлган эди. Оғир жиноятга қўл урганлар қатл этилишини истовчилар ўз фикрини ўлим жазоси бекор қилингунга қадар гўёки жиноятчилик ҳолатлари кам содир этилгани билан асослаган. Мутахассислар эса бу гапга қўшилмайди. Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Фарҳод Примов интервьюларидан бирида 2008 йилдан кейин жиноятчилик камайганини айтиб ўтган.
“Ўлим жазоси бекор қилинганидан кейин жиноятчилик сони кўпайганми, деган масалани таҳлил қилиб кўрдик. Биламизки, 2008 йилгача қасддан одам ўлдирган шахс учун ўлим жазоси белгиланган эди. Ҳозир қасддан одам ўлдириш ҳолатлари кўпайдими? 2008—2021 йилгача қасддан одам ўлдириш ва қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ҳолатлари 2 баравар камайган. Ҳа, жазо бекор қилингандан кейин ҳам камайиш кузатилган. Яъни ўлим жазоси охирги, малакали ёки самарали ечим ҳисобланмайди. Яна бир жиҳати, кўплаб давлатларда ўлим жазоси белгиланган. Аммо жиноятчилик камайиб қолгани йўқ. Аксинча, кўпайган ҳолатлар ҳам бўлади. Масалан, баъзи давлатларда коррупция учун ўлим жазоси белгиланган. Лекин ҳар йили қанчадан қанча одам мана шу жиноятни содир қилади. Энг муҳим масала жазонинг қаттиқлиги эмас, жазонинг муқаррарлигидир”, деган эди ҳуқуқшунос.
Ўлим жазоси қонунан бекор қилинган Ўзбекистонда ҳали жиноятчилиги исботланмай туриб, тергов ҳибсхоналарида ўлим топаётган одамлар бор. Бироқ шу кунгача бирон марта халқ сайлаган депутатлардан ҳукуматнинг кучишлатар тизимларини тийишга қаратилган таклиф ва ташаббуслар чиқмади. Ахир ўша ўлдирилган инсонларнинг ҳам БОЛАЛАРИ бор. Терговхонадан олиб чиқилган жасад билан бирга БОЛАЛАРНИНГ бутун борлиғи, келажаги, энг муқаддас туйғулари кўмиляпти. Бу болаларни ким ўйлайди? Қачон амалдорлар ўлим жазоси таклифини илгари сургани сингари оддий халқ манфаатларини ҳимоя қилувчи тезкор ташаббуслар билан чиқади? Саволлар-ку, кўп, аммо жавоб берадиганлар йўқ.