Ўлдирилган Президентнинг беваси Гаитига қайтди
Олам
−
18 Июль 2021
5405Суиқасд қурбони бўлган Гаити Президенти Жовенель Моизнинг беваси Мартин Моиз Америка клиникасида даволанганидан сўнг ўз Ватанига қайтиб келди. Бу ҳақда мамлакат Алоқа вазири Франц Экзантус Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.
“Биринчи хоним Мартин Моиз Президент Жовенель Моизнинг дафн маросимига тайёргарлик кўриш учун Гаитига келди”, деб ёзган у.
Маълумот ўрнида, Жовенель Моизнинг дафн маросими 23 июлда бўлиб ўтади.
Аввалроқ, Жовенель Моизнинг беваси Мартин Моиз шифохонадан чиқиши ҳақида хабар бергандик.
Эслатиб ўтамиз, Гаити Президенти 7 июлга ўтар кечаси шахсий қароргоҳига қилинган ҳужумда ўлдирилди. Ҳужумда унинг рафиқаси Мартин Моиз ҳам жароҳат олди. Кейинчалик унинг ўлими тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди, аммо Гаитининг Доминикан Республикасидаги элчихонаси бу хабарларни рад этди.
Кейинчалик, Гаитининг АҚШдаги элчиси Бокчит Эдмонд Республиканинг биринчи хоними Мартин Моиз даволаниш учун Майамига олиб борилишини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, Гаити Сенати (парламентнинг юқори палатаси) ўз спикери Жозеф Ламберни Республиканинг муваққат Президенти деб эълон қилган.