Улар бизни теракт ортида ИШИД турибди деб алдамоқчи бўлишди – Россия
Олам
−
03 Апрель
21319Москва яқинидаги "Крокус" концерт залидаги теракт Киев режими томонидан ташкиллаштирилган. Бу ҳақда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Остонада бўлиб ўтаётган ШҲТ мажлисида сўз очди.
Хавфсизлик кенгаши котибининг сўзларига кўра, Киев режими тўлиқ Қўшма Штатлар томонидан назорат қилинади.
"Крокусдаги теракт излари Украина махсус хизматларига олиб бормоқда. Киев режими эса тўлиқ АҚШ назоратида экани ҳаммага маълум. Улар эса бизни теракт ортида Киев эмас, балки радикал исломчилар, эҳтимол ИШИДнинг афғон бўлими турибди, деб ишонтирмоқчи бўлишди. Биз эса ИШИД ва бошқа террорчи ташкилотларни АҚШнинг ўзи яратганини яхши биламиз", деган у.
Патрушевнинг таъкидлашича, терактнинг бевосита айбдорлари, шунингдек, уларнинг шериклари Украина томонидан “ўтиш учун дарча тайёрланаётган” чегарада ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи разведка хизмати директори АҚШ разведка хизматлари Россияга “Крокус Сити Ҳолл”да теракт содир этилиши эҳтимоли ҳақида маълумот юборган, аммо бу жуда умумий бўлгани ҳақида гапирганди.
Шундан сўнг, АҚШ Россияни айнан “Крокус”да теракт бўлишидан огоҳлантиргани ҳақида маълумот берилди.