Украинанинг 2014 йилги чегараларига қайтиши реал эмас – АҚШ Мудофаа вазири
Олам
−
13 Февраль 5497 3 дақиқа
АҚШ Украинадаги урушни дипломатик йўллар билан тугатишга ҳаракат қилмоқда, бироқ Украинанинг НАТОга аъзолиги реал мақсад эмас. Бу ҳақда АҚШнинг янги Мудофаа вазири Пит Ҳегсет кеча, 12 февраль куни Брюсселда НАТО Мудофаа вазирлари йиғилишининг очилишида маълум қилди.
Унинг айтишича, АҚШ НАТОга содиқ қолади, аммо Европа иттифоқчилари ўз хавфсизлиги учун масъулиятни ўз зиммаларига олишлари керак. Дональд Трамп маъмуриятининг Украина бўйича позициясини шарҳлар экан, Ҳегсет шундай деди:
“Бизнинг хабаримиз аниқ: қон тўкилиши тўхтатилиши ва бу уруш тугаши керак. АҚШ Президенти Дональд Трамп бу урушни дипломатик йўл билан тўхтатиб, Россия ва Украинани музокаралар столига ўтказишга интилмоқда ва АҚШ Мудофаа вазирлиги бу мақсадга эришишда ёрдам беради”.
Шунингдек, Ҳегсет Трамп Америка халқи ва аксарият Европа етакчиларига урушни тугатиш ва барқарор тинчликка эришиш энг муҳим вазифа эканини “аниқ қилиб берганини” айтди.
“Сиз каби биз ҳам суверен ва гуллаб-яшнаган Украинани хоҳлаймиз, лекин биринчи навбатда Украинани 2014 йилгача бўлган чегараларига қайтариш реал бўлмаган мақсад эканлигини тан олишимиз керак. Бу хаёлпараст мақсадга эришиш фақат урушнинг чўзилиши ва янги азоб-уқубатларга олиб келади. Украина учун мустаҳкам тинчлик урушнинг қайта бошланишининг олдини олиш учун ишончли хавфсизлик кафолатларини ўз ичига олиши керак”, деди Ҳегсет Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров ҳам иштирок этган йиғилишда иттифоқчиларга қилган биринчи мурожаатида.
Бундан ташқари, Ҳегсет Қўшма Штатлар Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши музокаралар йўли билан ҳал этишнинг реал натижаси эканлигига ишонмаслигини билдирди.
“Бунинг ўрнига, ҳар қандай хавфсизлик кафолатлари қобилиятли Европа ва Европа бўлмаган кучлар томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Агар бу қўшинлар Украинага тинчликпарвар сифатида юборилса, улар НАТОга кирмаган миссиянинг бир қисми сифатида 5-модда доирасидан ташқарида бўлиши керак”, деди Пентагон раҳбари.
Ҳегсет, шунингдек, алоқа линияси устидан ишончли халқаро назоратни таъминлаш зарурлигини таъкидлади:
“Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, АҚШ қўшинлари Россия уруш машинасини молиялаштирадиган кейинги дипломатия ва энергия нархини пасайтириш учун хавфсизлик кафолатларининг бир қисми сифатида Украинага жойлаштирилмайди. Европа хавфсизлигини таъминлаш НАТОнинг Европа аъзолари учун мажбурият бўлиши керак. Бунинг бир қисми сифатида Европа келажакдаги ҳарбий ёрдамнинг катта қисмини Украинага бериши керак”, деди Хегсет.
Унинг фикрича, бунга эришиш учун Европа мудофаа харажатларини ошириши керак.
“Ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизлик улуши етарли эмас. Президент Трамп 5 фоизни талаб қилди ва мен унинг фикрига қўшиламан. Аллақачон 5 фоиз ажратган Польша “Европа учун намунадир”, деди Пентагон раҳбари.
АҚШнинг янги Мудофаа вазири Трамп маъмуриятининг трансатлантик иттифоқ ҳақидаги нуқтаи назарини шундай хулоса қилди:
“Бизнинг трансатлантик иттифоқимиз зарурат туфайли ўнлаб йиллар давом этди ва биз унинг келгуси авлодлар учун ҳам давом этишини кутамиз. Лекин бу шунчаки содир бўлмайди. Европа иттифоқчилари қитъада анъанавий хавфсизлик учун масъулиятни ўз зиммаларига олишлари керак бўлади. Кучни биринчи ўринга қўйган Қўшма Штатлар ўз хавфсизлигини таъминлаш учун НАТО ва Европа билан мудофаа соҳасидаги шериклигига содиқ қолади. Аммо Қўшма Штатлар энди қарамликка ундайдиган беқарор муносабатларга тоқат қилмайди”.
Live
Барчаси