Украинага ёрдам бериш учун ажратилган пул йил охиригача тугайди – Оқ уй
Олам
−
04 Декабрь 2023
6021Агар АҚШ Конгресси Киевга ёрдам кўрсатиш учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, йил охиригача АҚШнинг Украинага қурол-яроғ ва техника сотиб олиш учун ресурслари тугайди. Бу ҳақда бугун, 4 декабрь куни Оқ уйнинг Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсонга йўллаган мактубида маълум қилинди.
“Очиғини айтмоқчиман: Конгресснинг чораларисиз йил охиригача Украина учун қўшимча қурол ва жиҳозлар сотиб олиш, шунингдек, АҚШ ҳарбий захирасидан жиҳозлар билан таъминлаш учун ресурсларимиз тугайди. Бизда пул ҳам, вақт ҳам тугаб бормоқда”, дейилади Оқ уйнинг бошқарув ва бюджет бўлими директори Шаланда Янгнинг спикер Жонсонга юборган мактубида.
Шаланда Янгнинг сўзларига кўра, Американинг қурол-яроғ ва ҳарбий жиҳозларни етказиб беришни тўхтатиши нафақат Украина эришган муваффақиятларни хавф остига қўяди, балки Россия ҳарбийларининг ҳам ғалаба қозониш эҳтимолини оширади.
"АҚШ томонидан берилаётган ёрдамнинг тўхташи, Украина учун жиддий муаммолар бошланиши демакдир. Дунё бўйлаб иттифоқчиларимиз кўпроқ ҳаракат қилишган бўлса-да, АҚШнинг ёрдами жуда муҳим ва уни бошқалар такрорлай олмайди", дейди Оқ уй вакили.
Қўшимча қилинишича, ноябрь ойи ўрталарида Пентагон олган 62,3 миллиард долларнинг 97 фоизини Украинага ёрдам бериш учун ишлатган.
Қайд этиш жоизки, октябрь ойида АҚШ Президенти Жо Байден Конгрессга Украина, Исроил ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги операцияларни фавқулодда молиялаштириш учун 106 миллиард доллар сўров юборган. Бироқ қонунчилар бу маблағни ажратиш бўйича ҳалигача келиша олмади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Украинага борган ва унинг ташрифи давомида Пентагоннинг Киев учун 100 миллион долларлик янги ёрдам пакети эълон қилинганди.
LiveБарчаси