Украинадаги уруш яқин орада тугамайди – Макрон
Олам
−
10:23
4348Франция Президенти Эммануэль Макрон Украинадаги уруш “на эртага, на индинга” тугашини айтди. Бу ҳақда у Франция Қуролли кучларига қилган мурожаатида сўз очди.
Шунингдек, Макрон Украинага узоқ муддатли хавфсизлик кафолатларини бериш муҳимлигини қайд этди.
“Ҳарбий ҳаракатлар тўхтаганидан кейин урушнинг Украина ҳудудига қайтмаслигини кафолатлаш зарур. Бу чора-тадбирлар нафақат Киев учун, балки бутун Европа барқарорлиги учун асос бўлади. Европада тинчлик ва хавфсизлик европаликларсиз ва уларнинг ўзаро музокараларисиз имконсиз”, деди Макрон.
Бундан ташқари, Макрон жорий йилнинг майига қадар Франциянинг миллий мудофаа стратегиясини (Revue nationale stratégique) қайта кўриб чиқишни буюрди. Бу стратегия Франциянинг глобал мудофаа ва қайта қуролланиш асосларини белгилаши керак. Сўнгги стратегик кўриб чиқиш 2022 йилда – Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб киришидан сўнг амалга оширилган эди.
Маълумот учун, Макрон Европа қўшинларини Украинага юбориш эҳтимоли ҳақида бир неча бор гапирган. Бу ғоя илк бор 2024 йил февралида тилга олинган ва Европа давлатлари орасида оташни тўхтатиш режимини назорат қилиш учун тинчликпарвар кучларни киритиш бўйича муҳокамаларни бошлаб берган.
“The Wall Street Journal” маълумотига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам ушбу ташаббусга қизиқиш билдирган. Аммо Парижда Владимир Зеленский ва Эммануэль Макрон билан учрашувда Трамп АҚШ армияси тинчликпарвар миссияда иштирок этмаслигини айтган. Унинг фикрича, Украинани қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишдаги асосий роль Европага тегишли бўлиши керак.
“Reuters” маълумотларига кўра, Европа давлатлари уруш тугаган ёки музлатилган тақдирда Украинада ҳарбий контингент жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Миссиянинг минимал таркиби 40 минг ҳарбийдан иборат бўлиши кутилмоқда. Контингентнинг асосини Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Польша кучлари ташкил қилиши мумкин. Бироқ Европа хавфсизлик хизматлари фикрича, Украинани янги тажовуздан самарали ҳимоя қилиш учун камида 100 минг аскар зарур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция ўз қўшинларининг Украинага кириши мумкинлиги учун яширин ҳарбий машғулотлар ўтказгани хабар қилинганди. “Perseus” машқлари 2024 йил кузида Франциядаги полигонда 10 кун давом этган ва армия махсус кучларининг (CAST) 3200 га яқин аскарини жалб қилган. Улар машғулот давомида Россия қўшинларининг Украина ҳудудига бўлиши мумкин бўлган зарбасини Беларусь ҳудудидан қайтаришни машқ қилган.
LiveБарчаси