Украинада мушуклар ҳам фронтга сафарбар қилинмоқда – “Bild”
Олам
−
04 Декабрь 2023
8791Украинада аскарларни тишлайдиган ва жиҳозларига зарар етказувчи сичқон ва кемирувчиларни тутиш учун мушуклар фронтга жалб этилди. Бу ҳақда украиналик аскарларга таяниб, Германиянинг “Bild” нашри ёзди.
Фронтда кемирувчилар жиддий муаммога айланган, чунки улар аскарларнинг уйқусини бузади, кўринадиган ҳамма нарсани ейди. Каламушлар, илонлар ва сичқонлар фронтнинг жанубий ҳудудларидаги хандақларга "ҳужум қилган". Ҳайвонлар алоқа кабелларига зарар етказади, озиқ-овқат, дори-дармонлар, кийим-кечак ва чарм буюмларни йўқ қилади.
Кемирувчиларга қарши курашиш учун ҳам ҳарбийлар фронтга ўзлари билан мушукларни олиб кета бошлаган. Нашр машҳур мушук “Шайбик”ни мисол қилиб келтирган. У аллақачон "Ҳарбийларга кўрсатган ёрдами учун" ҳарбий медалига сазовор бўлган.
Бундан ташқари, Россия аскарлари ҳам кемирувчилар билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда. Бутунроссия давлат телерадиокомпаниясининг махсус мухбири Николай Долгачевнинг сўзларига кўра, ўтган мавсумда даладаги ҳосил йиғиб олинмагани кемирувчиларнинг тез кўпайишига сабаб бўлган. Шу муносабат билан Россия аскарлари ҳам мушукларнинг "хизматларидан" фаол фойдаланишни бошлаган.
LiveБарчаси