Украина яна Россиянинг йирик заводларига зарба берди
Олам
−
29 Май 5154 2 дақиқа
Украинанинг Россия ҳудудларига уюштирган кенг кўламли тунги дрон ҳужумлари оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Ҳужумлар асосан Волгоград ва Брянск вилоятларида қайд этилган бўлиб, кимё заводи ҳамда йирик нефтни қайта ишлаш корхонасига зарар етгани айтилмоқда. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Волгоград вилояти губернатори Андрей Бочаровнинг билдиришича, Волжский шаҳридаги сунъий толалар ишлаб чиқарувчи завод дрон ҳужумига учраган. Зарба оқибатида 60 ёшли эркак ҳалок бўлган. Ҳужум пайтида оғир тан жароҳати олган 55 ёшли аёл шифохонага олиб кетилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.
Россиянинг Украина билан чегарадош Брянск вилоятида ҳам дрон ҳужумлари кузатилган. Вилоят вақтинчалик губернатори Егор Ковальчукнинг маълум қилишича, Соловьёвка қишлоғига берилган зарба оқибатида бир тинч фуқаро ҳалок бўлган. Мазкур қишлоқ Украина шимолидаги Чернигов вилояти билан чегарага яқин ҳудудда жойлашган.
Россия Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 28 май оқшомидан 29 май тонгигача мамлакатнинг турли ҳудудларида жами 208 та Украина дрони уриб туширилганини маълум қилди. Вазирликка кўра, ҳужумлар бир нечта вилоятларни қамраб олган.
Сўнгги ойларда Украина Россиянинг энергетика ва ҳарбий инфратузилма объектларига дрон ҳужумларини кучайтирган. Киев расмийлари бундай зарбаларни Россиянинг Украинага қарши давом этаётган босқини ва ракета ҳужумларига жавоб сифатида изоҳлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияга тегишли дея тахмин қилинаётган дрон Руминиянинг Галац шаҳрида кўп қаватли тураржой биноси устига қулаб тушиб, ёнғин келиб чиқарган эди. Ҳодиса Руминия фавқулодда вазиятлар хизмати томонидан тасдиқланган бўлиб, дрон Россия ҳужумлари фонида Украинага яқин ҳудудларда учиб келган пайтда қайд этилган. Оқибатда бино зарар кўрган ва ёнғин ўчирилган.
Live
Барчаси