“Украина учун хавф йўқолмади”. Путин билан учрашган Шольц Байденга ҳисоб берди
Олам
−
17 Февраль 2022
7683Германия канцлери Олаф Шольц ва АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 16 февраль куни телефон орқали мулоқот қилиб, Украина атрофидаги вазият жиддийлигича қолаётганини, Россия қўшинларининг Украина чегараларидан сезиларли даражада олиб чиқилмаганини таъкидлади. Бу ҳақда Германия Вазирлар Маҳкамаси вакили маълум қилган.
“Федерал канцлер Олаф Шольц бугун кечқурун АҚШ Президенти Жо Байден билан телефон орқали суҳбатда Украина ва унинг атрофидаги вазият юзасидан фикр алмашди. Иккиси бир овоздан Россия қўшинларининг Украина билан чегарадош ҳудудларда тўпланиб қолгани туфайли юзага келган вазият ўта жиддий деб баҳоланиши кераклигини айтди. Россиянинг Украинага қарши кейинги ҳарбий тажовузкорлиги хавфи сақланиб қолмоқда, ўта ҳушёрлик зарур, Россия қўшинларининг сезиларли даражада олиб чиқиб кетилиши ҳали кузатилмаган”, дейди Вазирлар Маҳкамаси вакили.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 февраль куни Германия канцлери Олаф Шольц Европа минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва Россия-Украина ўртасида юзага келган зиддиятли вазият бўйича музокаралар олиб бориш учун Москвада бўлди. Ташриф давомида у Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб, музокаралар ўтказган.
LiveБарчаси