Украина, Сурия, Ливия... Чавушўғлунинг Лавров билан учрашувидан нималар кутиш мумкин?
Олам
−
16 Март 2022
5120Аввал хабар берганимиздек, бугун, 16 март куни Москвада Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашиши кутиляпти.
Лавров ва Чавушўғли мулоқоти марказида Украинадаги уруш бўлади. Шунингдек, вазирлар Сурия, Кавказортида тинчлик ўрнатиш, икки томонлама муносабатларга эътибор қаратади.
Россия-Украина уруши
Россия ТИВ маълумотларига кўра, Россия томони туркиялик ҳамкасбларига мамлакат Қуролли Кучларининг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларнинг бориши ва тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилган чоралар, жумладан, гуманитар йўлаклар ва чет эл фуқароларини эвакуация қилиш ҳақида маълумот беради.
Анқара Москва ва Киев ўртасида воситачи бўлишга интилмоқда. Туркия ўтган ҳафта Анталияда ўтказилган дипломатик форумда Лавров ва Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ўртасида учрашув ташкил этишга муваффақ бўлди. Музокараларда муваффақиятга эришилмаган бўлса-да, Анқара уринишларини тўхтатмаяпти. Эндиликда Туркия Россия ва Украина Президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленский ўртасида эҳтимолий музокаралар учун платформа тақдим этишга тайёрлигини маълум қилди.
Кавказорти ва Сурияда тинчлик
Томонлар Транскавказ минтақасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, транспорт коммуникациялари ва бошқа инфратузилмаларни блокдан чиқариш ҳамда можародан кейинги тикланиш масалаларини батафсил ишлаб чиқишлари кутилмоқда. Бунга Арманистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилиши ҳам ёрдам бериши мумкин. Аҳамиятлиси Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян мамлакати бунга тайёрлигини билдирган.
Арман-турк муносабатларининг нормаллашувида эса Россия воситачи бўла олади. 14 январь куни Москвада Ереван ва Анқара вакилларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтганди.
Икки томоннинг саъй-ҳаракатлари учун муҳим соҳалардан бири Ливия бўлиб қолмоқда. Москва томонига кўра, Россия ва Туркия Ливияда қарама-қарши кучлар ўртасида сулҳни сақлашга катта ҳисса қўшмоқда. Лавров ва Чавушўғли бўлажак музокараларда кенг қамровли сиёсий мулоқотни янада йўлга қўйиш ва Ливияда ижтимоий-иқтисодий ҳаётни тинч, барқарор йўлга қайтариш йўлларини топишга эътибор қаратиши кутилмоқда.
Остона учлиги
Анъанага кўра, вазирлар Сурияда барқарорлик ўрнатиш, жумладан, Остона форматидаги келишув бўйича ҳамкорликдаги ишларга алоҳида эътибор қаратадилар. Эътиборлиси, кеча, 15 март куни Остона форматининг яна бир иштирокчиси Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ҳам Москвага борган. Томонлар жорий йилда Эронда бўлиб ўтадиган навбатдаги уч томонлама саммит шартлари ва мазмунини ишлаб чиқиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Лавров ва Чавушўғли Сурия конституциявий қўмитаси фаолиятини фаоллаштириш контекстидаги вазифаларни муҳокама қилади, унинг навбатдаги йиғилиши 21 март куни Женевада ўтказилиши режалаштирилган.
Икки томонлама масалалар
Россия ва Туркия савдо алоқалари ижобий томонга ўзгариб бормоқда Шундай қилиб, 2021 йилда товар айирбошлаш 2020 йилга нисбатан 57 фоизга ошиб, 33 миллиард долларни ташкил этган.
Шунингдек, вазирлар “Аккую” атом электр станциясини қуриш ва “Турк оқими” газ қувурини ишга тушириш каби лойиҳалар бўйича ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқиши кутилмоқда. Москва ва Анқара ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши пандемияга қарши кураш бўлди. Аввалроқ Туркияда Россиянинг “Спутник V” коронавирусга қарши вакцинасини ишлаб чиқиршни маҳаллийлаштириш бўйича келишувга эришилган эди.
2021 йилда Туркия курортларида 4 млндан ортиқ россиялик дам олган. Шу муносабат билан учрашувда россияликларнинг тизимли хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам вақт ажратилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Бундан ташқари, вазирлар қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг тўққизинчи йиғилишини ташкил этиш масалаларини ҳам муҳокама қилиш ниятида. Гуруҳнинг аввалги саккизинчи йиғилиши 2020 йил 29 декабрь куни Сочида бўлиб ўтган эди.
“Умид қиламизки, Москвада бўлиб ўтадиган вазирлар учрашуви Россия ва Туркия ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришга реал ҳисса қўшади ва икки давлатнинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда долзарб халқаро муаммоларга стратегик қарашни мустаҳкамлайди”, дея таъкидланган Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Маълумот учун, Мавлуд Чавушўғлу Москвадан кейин Киевда ҳам бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь