Украина сулҳ учун вақтинчалик ҳудудий ён бериши мумкин – Столтенбрг
Олам
−
03 Декабрь
3915НАТОнинг собиқ бош котиби Йенс Столтенберг Украинага урушни тезроқ тугатиш ва сулҳ учун вақтинчалик ҳудудий ён беришни таклиф қилди. Бу ҳақда у “Tagesschau” нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
Маълум қилинишича, Украина уруш ҳаракатларини тезроқ тўхтатиш ва альянсга таклиф олиш мақсадида Россияга вақтинчалик ҳудудий ён беришга рози бўлиши мумкин.
Столтенбергнинг сўзларига кўра, Ғарб ва Киев учун ўт очишни тўхтатиш чизиғи зарур. Бу чизиқ етарли даражада 1991 йилдаги вазиятга нисбатан Украинанинг бутун ҳудудини қамраб олиши керак, бироқ яқин келажакда бунинг амалга ошиш имконияти паст.
“Агар ўт очишни тўхтатиш чизиғи Россия томонидан босиб олинган барча ҳудудларни назорат қилишни давом эттиришни англатса ҳам, мазкур ҳолат Украинанинг ўз ҳудудларидан абадий воз кечиши керак дегани эмас”, дея таъкидлаган Столтенберг.
НАТОнинг собиқ бош котиби Украина жорий фронт чизиғи бўйича сулҳ ва хавфсизлик кафолатлари эвазига ҳудудларнинг бир қисмини “вақтинчалик бошқага бериши” мумкинлигини тахмин қилган. Бундай кафолатлар турли хил қўллаб-қувватлаш чораларини, шу жумладан НАТОга аъзо бўлишни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши учун Россия билан урушни тўхтатишга тайёр эканини билдирганди. Шунингдек, у Россия ҳарбийлари томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтариб олиш учун Украина армиясининг кучи етмаслигини айтганди. Зеленский Россия билан урушни эрта тугатишни ва Киевнинг НАТОга аъзолиги аниқ бўлгандан кейин дипломатия орқали ўз ҳудудининг бир қисмини Россиядан қайтаришни истаётганини маълум қилганди.
Моҳинур Каримова
LiveБарчаси