Украина Ростов-Дондаги нефть терминалини бомбардимон қилди (видео)
World
−
12:46 1211 2 minutes
Бугун, 10 октябрга ўтар кечаси Россиянинг Ростов-Дон шаҳрига Украина дронлари ҳужум қилиши оқибатида нефть маҳсулотлари терминалида ёнғин чиқди. Ҳужум оқибатида олти киши жароҳатланди, тураржой бинолари ва темир йўл кўприги шикастланди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Қайд этилишича, Россия ҳудудларига жами 560 та Украина дрони ҳужум қилган. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 9 октябрь оқшомидан бери мамлакатнинг 16 та ҳудуди, аннексия қилинган Қрим, Азов ва Қора денгизларида 560 та дрон тутиб қолинган ва йўқ қилинган.
Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарнинг маълум қилишича, ҳудуд осмонида 100 дан ортиқ дрон уриб туширилган ва ҳаракатдан тўхтатилган. Ростов-Дон шаҳрида бир нечта кўп қаватли ва хусусий уйлар шикастланган. Ҳужум оқибатида олти киши жароҳатланган, улардан икки нафари ўртача оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.
Шунингдек, темир йўл кўпригига зарар етган. Бу сабабли кўприк орқали поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган, бироқ 10 октябрь тонгига келиб қайта тикланган.
Губернаторнинг билдиришича, Батайск шаҳрида дрон турар жой мажмуасида одамлар яшамайдиган кўп қаватли бинога урилган ва ёнғин чиққан. Азов шаҳрида эса иккита кема шикастланган. Кемалар бортида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар йўқ. Губернатор ҳодисаларнинг бошқа тафсилотларини келтирмаган.
“Астра” нашри очиқ манбалардаги видеолар таҳлилига таяниб, ҳужум Ростов-Дон шаҳрининг Железнодорожний туманида жойлашган Новошахтинск нефть маҳсулотлари заводининг (НЗНП) нефть қуйиш терминалига ҳам қаратилганини ёзган. Ҳодиса жойида кучли ёнғин ва портлашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Йилига қарийб 2,5 миллион тонна нефть маҳсулотини қайта юклаш қувватига эга ушбу терминал экспорт учун нефть маҳсулотларини жўнатишда фойдаланилади. “Астра” маълумотига кўра, объект Россия армиясини ёнилғи билан таъминлашда ҳам хизмат қилади.
Москва мэри Сергей Собянин эса 10 октябрь куни эрталаб Россия пойтахти томон учиб келаётган 25 та дрон уриб туширилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Запорожье шаҳрига берган зарбаси оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, беш киши, жумладан, бир бола жароҳатланганди.
Live
All