Украина Мудофаа вазири 2025 йилга мўлжалланган ҳарбий мақсадларни санади

Олам

image

 

Украинанинг ҳарбий стратегияси тўртта асосий устувор йўналишга асосланади: фронт чизиғини барқарорлаштириш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, осмон ва денгиз йўллари ҳимоясини кучайтириш ҳамда Россияга “симметрик жавоб” бериш. Бу ҳақда кеча, 9 январь куни бўлиб ўтган “Рамштайн” форматидаги Алоқа гуруҳининг 25-йиғилишида Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров маълум қилди.

У Украинанинг 2025 йилга мўлжалланган ҳарбий стратегиясини тасвирлаб берган.

“Учрашув давомида биз тўртта асосий устувор йўналишга асосланган стратегиямизни тақдим этдик: фронт чизиғини барқарорлаштириш, Украина мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, осмон ва денгиз йўллари ҳимоясини кучайтириш ҳамда тажовузкорнинг уринишларига симметрик жавоб бериш”, деган Умаров.

Учрашувнинг асосий ютуқлари қаторида Мудофаа вазирлиги раҳбари Украина мудофаа кучларини 2027 йилгача ривожлантириш бўйича 8 та қобилиятли коалиция доирасида ишлаб чиқилган йўл хариталарини тасдиқлашини айтган. Маълум қилинишича, улар – авиация, ҳаво мудофааси, ҳарбий-денгиз кучлари, артиллерия, зирҳли техника, IТ, дрон ва миналардан тозалаш технологиялари.

“Биз ҳамкорликнинг янги босқичига ўтдик. Урушнинг бевосита эҳтиёжларини қондиришдан ташқари, армиямизнинг салоҳиятини оширишга ҳам ҳаракат қиламиз”, дея хулоса қилган Умаров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров бошчилигидаги махсус делегацияси Жанубий Корея ҳукуматидан бепул қурол-аслаҳа етказиб беришни эмас, балки уни сотишни сўраганди. Бироқ у Жанубий Кореяни Киевга қурол етказиб беришга кўндира олмаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рустам Умаров Украина Мудофаа вазири Рамштайн

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг