Украина Москвага оммавий дрон ҳужуми уюштирди. Ўзбекистон учоқлари эса йўналишини ўзгартирди (видео)

Олам

image

Кеча, 6 май куни Россия пойтахти Москва шаҳри Украина томонидан оммавий дрон ҳужумига учради. Оқибатда шаҳар аэропортлари самолётлар учун ёпилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлигига таяниб, РБК хабар берди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 6 май оқшомида Россия ҳудуди устида жами 57 та украин дрони йўқ қилинган. Улардан 31 таси Брянск вилояти, 14 таси Курск вилояти, еттитаси эса Орлов вилояти устида уриб туширилган.

Москва вилояти ҳудудида тахминан соат 1:00 дан 2:00 гача бўлган вақт оралиғида 20 га яқин украин дрони йўқ қилинган. Куннинг иккинчи ярмида эса, соат 17:38 да яна икки дрон, 18:42 да эса яна бир дрон уриб туширилган.

“Бугун кун давомида Мудофаа вазирлиги кучлари душман дронлари ҳужумини қайтармоқда. Ҳозирда Москва томон учаётган яна икки дрон йўқ қилинди”, деб ёзди Москва мэри Сергей Собянин.

Кейинроқ, 22:52 да, у яна учта дрон уриб туширилганини билдирди.

6 май тонгидан бошлаб Россиянинг турли ҳудудларида аэропортлар вақтинча ёпилди. Росавиация Самара, Калуга, Нижний Новгород, Қозон, Тамбов, Ярославл шаҳарларидаги аэропортларда хавфсизлик нуқтаи назаридан парвозлар тўхтатилганини билдирди. Москва атрофидаги Жуковский, Внуково ва Домодедово аэропортлари ҳам вақтинча ёпилди. Соат 21:19 да Жуковский аэропорти, 22:03 да эса Сочи аэропортида ҳам чекловлар қайта жорий этилди.

Москва шаҳри ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан қуйидаги Uzbekistan Airways рейслари захира аэропортларига йўналтирилди:

  • HY9619 – Наманган – Москва (Внуково): Уфа шаҳридаги захира аэропортида;
  • HY9671 – Тошкент – Нижний Новгород: Уфа шаҳридаги захира аэропортида;
  • HY613 – Тошкент – Москва (Внуково): Санкт-Петербург шаҳридаги захира аэропортида;
  • HY9627 – Фарғона – Москва (Внуково): Санкт-Петербург шаҳридаги захира аэропортида;
  • HY601 – Тошкент – Москва (Домодедово): Санкт-Петербург шаҳридаги захира аэропортида;
  • HY605 – Самарқанд – Москва (Внуково): Санкт-Петербург шаҳридаги захира аэропортида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Украинанинг турли ҳудудларини ўққа тутиши оқибатида камида бир киши ҳалок бўлиб, яна 13 киши яраланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Украина дрон ҳужуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг