Украина кучлари 8 ой босқин остида бўлган Херсонга кирди
Олам
−
11 Ноябрь 2022
8758Бугун, 11 ноябрь куни Украина Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари Херсонга кирди. Бу маълумотни “Громадське” нашрига шаҳар аҳолиси, маҳаллий журналистлар ва Херсон вилояти ҳокимиятидаги манба тасдиқлади.
Украина оммавий ахборот воситаларида Херсон аҳолиси Украина Қуролли кучларини шаҳар кўчаларида кутиб олаётган фото ва видеолар пайдо бўлган эди. Херсондаги полиция штаб-квартирасида ҳарбийлар Украина байроғини осиб қўйгани тасвирлари ҳам чоп этилган.
Бундан ташқари, интернетда Херсон вилояти маъмурияти биноси олдида Украина байроқлари кўтарилган одамларнинг сурати пайдо бўлди.
Украина расмийлари расмий равишда мамлакат Қуролли Кучлари шаҳарга кирганини ҳали эълон қилмаган бўлсада, бунга имо қилувчи янгиликларни чоп этишди. Хусусан, Украина Президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак ўзининг Telegram-каналида “11/11/2022” номли қисқа пост ёзди.
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси эса Қуролли Кучлар бўлинмалари Херсонда эканлигини тасдиқлади. Идора россиялик ҳарбийларнинг чекиниш йўллари Украина томонидан назоратга олинганини маълум қилди.
11 ноябрь куни эрталаб Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги рус ҳарбийлари Херсондан чекингани ҳақида хабар берганди.
Херсонни тарк этиш тўғрисидаги қарор 9 ноябрь куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги рус қўшинлари қўмондони генерал Сергей Суровикиннинг ҳисоботини тинглагач эълон қилинди. Суровикиннинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда шаҳарни тўлиқ таъминлашнинг иложи йўқ ва қўшинларнинг Днепрнинг ўнгдан чап қирғоғига олиб чиқилиши аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолади.
Херсон Украинага бостириб кириш бошлангандан бери рус армияси томонидан қўлга киритилган ягона минтақавий марказ эди. Март ойининг бошидан буён саккиз ойдан кўпроқ вақт давомида шаҳар руслар босқини остида бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь