Украина истилога рози бўлмаслиги керак – Алиев

Олам

image

Украина халқи ва мамлакат раҳбарияти ҳудудий яхлитлик масаласида ўз позициялари бўйича ташқаридан бериладиган маслаҳатларга муҳтож эмас. Улар истилога рози бўлмаслиги керак. Бу ҳақда кеча, 13 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев IV Шуша глобал медиафоруми доирасида украиналик журналист Дмитрий Гордоннинг Украинага ҳамда Путинга қандай маслаҳатлар бериши ҳақидаги саволига жавобан сўз очди.

“Украина халқи ва мамлакат раҳбарияти маслаҳатларга муҳтож эмас. Украина ҳеч қачон истилога рози бўлмаслиги керак ва Киев бугун айнан шундай позицияда турибди”, дейди Илҳом Алиев.

Алиев узоқ вақт давомида Украинага жиддий босим ўтказилганини, бироқ на халқ ва на мамлакат раҳбарияти ўз ҳудудининг бир қисми босиб олинишига рози бўлмаганини қайд этган.
 
Озарбайжон Президенти, шунингдек, Россияга маслаҳат беришни ўринли деб ҳисобламаслигини, лекин агар ундан сўрашса, ўз фикрини билдиришга тайёрлигини маълум қилган. Шу билан бирга, у урушни тўхтатиш зарурлигини англаб етиш анча олдинроқ юз бериши керак бўлган деган ишончини билдирган. 

Илҳом Алиев Украина ҳақида гапирар экан, Озарбайжоннинг тарихий тажрибасига таянган. Озарбайжон ҳудудининг бир қисми ҳам узоқ йиллар давомида истило остида бўлган, бироқ якунда мамлакат ўз суверенитетини тўлиқ тиклашга муваффақ бўлган.

У Қорабоғ можаросини ҳал қилиш бўйича музокаралар жараёнини мисол қилиб келтирган. Унинг сўзларига кўра, ЕХҲТнинг Минск гуруҳи Арманистон назорати остида нафақат Қорабоғни, балки Лочин ва Калбажар туманларини ҳам қолдиришни, Озарбайжонга эса фақат босиб олинган бешта туманни қайтаришни таклиф қилган.

“Бундай вариантга на мен ва на Озарбайжон халқи ҳеч қачон рози бўлмасдик”, дейди Озарбайжон Президенти.

У бу дунёнинг учта етакчи йирик давлатининг бирлашган позицияси бўлганини ва унга қарши туриш жуда қийин кечганини эслатган. Шунга қарамай, Озарбайжон муросага бормаган.

Иккинчи Қорабоғ уруши пайтида ҳам мамлакатга ҳужумни тўхтатиш талаби билан ташқаридан кучли босим ўтказилган, айрим давлатлар эса тўғридан тўғри таҳдидларга ҳам ўтган.

Илҳом Алиев ўз нутқи якунида Озарбайжоннинг ўзгармас позициясини яна бир бор тасдиқлаган.

“Озарбайжон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини изчил қўллаб-қувватлайди ва бундан кейин ҳам ушбу позицияда қатъий туради”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Украинадаги Озарбайжон элчихонаси ва энергетика инфратузилмаси ҳужумга учраган эди. Кейинроқ, Алиев Украинадаги Озарбайжон элчихонаси ва энергетика инфратузилмасига Россия томонидан қасддан ҳужум қилинганини айтди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг