Украина элчихонаси ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди
Жамият
−
24 Июль 2023
29918Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси мамлакат фуқароларини Украинада давом этаётган урушда қатнашмасликка ва унинг Россия томонидан вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақирди. Бу ҳақда элчихона расмий саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Украина элчихонаси Россия урушда катта йўқотишларга учраётгани, шахсий таркибнинг етишмаслиги сабабли урушга хориж фуқароларини жалб қилаётганини билдирган. Шунга кўра, Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россия томонидан вақтинча ишғол қилинган Донецк вилоятининг Горловка шаҳрида жойлашган Россия ҳарбий бўлинмалари таркибида Ўзбекистон фуқаролари борлигини аниқлаган. Ушбу шахслар Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Россия томонидан вақтинча босиб олинган ҳудудларга қурилиш ишларини олиб бориш учун келган. Мариупол шаҳрига етиб келганидан сўнг паспортлари олиб қўйилган ва улар Россия ишғол кучлари сафига кўнгилли сифатида сафарбар қилинган.
“Элчихона Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг эътиборини уларнинг Россия Федерациясининг Украинага қарши урушида иштирок этишига йўл қўйилмаслигига қаратади. Украинага қарши қуролли тажовузда иштирок этган чет эл фуқаролари Украина миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилади.
Элчихона, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг эътиборини Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида ҳар қандай фаолиятда қатнашиш учун Украина давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга йўл қўйилмаслигига қаратади. Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларига, шу жумладан қурилиш ёки бошқа ишларда иштирок этиш учун ноқонуний равишда келган чет эл фуқаролари босқинчиларнинг шериклари деб ҳисобланадилар ва Украина қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
Элчихона Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясининг Украинага қарши урушида қатнашмасликка ва Украинанинг Россия Федерацияси томонидан вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақиради”, дейилади Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, кеча америкалик сиёсатшунос Жейсон Жей Смарт ўзининг Twitter'даги саҳифасида қурилиш ишлари учун жалб қилинган ўзбекистонликларнинг паспортлари олиб қўйилгани ва урушга “кўнгилли” сифатида юборилганини ёзганди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь