Украина душманининг тарафдори билан тузилган битимни бекор қилди
Олам
−
03 Май 2023
138292022 йил ёзида Дамашқ Донбассни тан олганидан кейин Украина Сурия билан тузилган иккита келишувдан, жумладан, савдо кемалари тўғрисидаги битимдан чиқди. Бу ҳақда кеча, 2 май куни Вазирлар Маҳкамасининг Украина Олий Радасидаги вакили Тарас Мелничук маълум қилди.
“Украина Олий Радаси Украина Вазирлар Маҳкамаси ва Сурия Араб Республикаси ҳукумати ўртасидаги савдо кемалари тўғрисидаги битимни бекор қилиш тўғрисидаги ҳукумат қонуни лойиҳасини қабул қилди”, деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Мелничукнинг сўзларига кўра, Украина Сурия билан савдо-иқтисодий ва техник ҳамкорлик тўғрисидаги битимдан ҳам чиққан. Унинг аниқлик киритишича, бу қарорлар икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг узилиши ва Дамашқ томонидан Донбасснинг мустақиллиги тан олиниши муносабати билан қабул қилинган.
Маълумот учун, Россия Украинага бостириб киришидан бир неча кун олдин, 2022 йил 21 февралда мамлакат Президенти Владимир Путин Россия Федерацияси (халқаро тан олинмаган) Донецк ва Луганск халқ республикаларининг суверенитетини тан олганини эълон қилган. 2022 йил 29 июнь куни Сурия Ташқи ишлар вазирлиги Сурия Араб Республикаси Донбасснинг мустақиллигини тан олишга қарор қилганини маълум қилган. Дамашқнинг 30 июндаги қарорига жавобан Киев консуллик алоқаларини узмасдан, Сурия билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилган. 2022 йил 20 июлда Сурия ҳам Украина билан дипломатик муносабатларни тўхтатишга қарор қилган.
2022 йил 23 сентябрдан 27 сентябргача Россия томонидан эгалланган ҳудудлар, Донецк, Луганск Запорожье ва Херсон вилоятларида Россия таркибига қўшилиш масаласи бўйича референдумлар ўтказилган. 30 сентябрь куни Путин ва минтақалар раҳбарлари уларнинг Россия таркибига қўшилиши тўғрисидаги шартномаларни имзолаган. 4 октябрда эса Россия раҳбари ушбу тўртта ҳудудни Россия Федерацияси таркибига қабул қилиш тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни имзолаган. Бироқ халқаро ташкилотлар ва аксар давлатлар на референдумни, на ҳудудларнинг Россия таркибига қўшилганини тан олмайди.