Украина дрон харид қилиш учун қўшимча 5 миллиард гривна ажратди
Олам
−
18 Март
4379Украина ҳукумати хавфсизлик ва мудофаа кучлари учун қўшимча 5 миллиард гривна ажратди. Бу маблағ учувчисиз самолётларни сотиб олишга сарфланади. Бу ҳақда Украина Бош вазири Денис Шмигаль бугун, 18 март куни Telegram’даги каналида маълум қилди.
“Бугун хавфсизлик ва мудофаа кучлари учун қўшимча 5 миллиард гривна ажратилди. Маблағлар фронт чизиғидаги ҳимоячиларимиз учун зарур бўлган дронларни сотиб олишга сарфланади”, деб ёзди ҳукумат раҳбари.
“Украинская правда” нашрининг Иқтисодиёт вазири Юлия Свириденкога таяниб хабар беришича, бугунги кунда учувчисиз самолётлар ишлаб чиқарувчилар билан 30 миллиард гривнага яқин шартномалар тузилган ва яна 14 миллиард гривналик шартномалар тайёрланмоқда.
Қайд этиш жоизки, охирги пайтларда урушда дронлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Улар Россия ҳудудларига ҳужум қилишда қўл келмоқда. Сўнгги пайтларда Россия ҳудудига берилган дрон зарбалари бир неча нефть базалари ва уни қайта ишлаш заводларида ёнғинга сабаб бўлиши ҳолатлари кўп учрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Британия ва Латвия Украинага минглаб дронларни, жумладан, FPV (First Person view) дронларини етказиб бермоқчи экани маълум қилинганди.
LiveБарчаси