Украина ҳаво мудофаа тизими май ойида инқирозга учраши мумкин – WSJ

Олам

image

Пентагоннинг интернетга чиқиб кетган махфий ҳужжатларидан бирида айтилишича, зенит ракеталари тугаётгани сабаб Украина май ойига келиб ҳаво мудофаа тизимисиз қолиши мумкин. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди

Гап шундаки, ижтимоий тармоқларга АҚШ Мудофаа вазирлигига тегишли экани айтилган махфий ҳужжатлар сиздирилганди. Улардан бирида Украинадаги мавжуд захира воситалари тугаётгани боис ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари май ойига бориб, тўхтаб қолиши мумкинлиги айтилган. 

Украина ҳарбий-ҳаво кучлари вакили полковник Юрий Ихнат ошкор қилинган маълумотлар тўғри ёки йўқлигига изоҳ бера олмаслигини маълум қилган. Бироқ у мамлакат ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими жиддий муаммога дуч келаётганини тан олиб, ғарблик ҳамкорларига ёрдамни тезлаштиришлари кераклигини айтган. 

“Агар биз ҳаводаги курашда мағлуб бўлсак, бу Украина учун жиддий оқибатларга олиб келади”, дейди у. Ихнатнинг сўзларига кўра, бир йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган урушдан сўнг Украина ҳаво мудофаа тизимининг асоси бўлган совет даврида ишлаб чиқарилган С-300 ва Бук тизимлари учун ўқ-дориларни топиш жиддий муаммога айланган. 

Ҳужжатга кўра, Украина ҳаво мудофаасининг инқирози унга фронт чизиғи яқинида қуруқлик қўшинларини йиғиши ва қарши ҳужумга ўтишига тўсқинлик қилиши мумкин. Аввалроқ Киев яқин ҳафталарда Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтариб олиш учун АҚШ ва НАТОдаги ҳамкорлар томонидан ўқитилган ва қуроллантирилган бир нечта янги захира бригадаларидан фойдаланган ҳолда кенг миқёсли ҳужум бошлашни режалаштираётганини айтганди. 

Айтилишича, ҳозирга қадар Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг шарофати билан Россияни кенг миқёсли ҳаво ҳужумига ўтишига йўл қўймаётган эди. Масалан, С-300 ва Бук тизимлари 6 минг метрдан юқори нишонларни тутиш имкониятига эга. 

Аммо Пентагоннинг махфий ҳужжатларига кўра, ҳозирги вазиятда Бук тизимининг ракета захиралари 13 апрелга қадар, С-300 тизиминики эса 3 майгача тўлиқ тугайди. 

Пентагоннинг махфий баёнотларига кўра, май ойига келиб Киев вилоятидан ташқаридаги муҳим миллий инфратузилмасининг кўп қисми ва Украина жануби-ғарбидаги яна иккита ҳудуд ҳаво мудофаа тизимидан айрилади. Ҳимояланмаган муҳим нуқталар сони 6 тадан 40 тагача ортиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Украинага 3 та Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини жўнатишга ваъда берган. Бироқ улар ҳозирда ишлаётган 25 та С-300 нинг ўрнини боса олмайди. Украинага Stinger каби портатив ҳаво мудофаа тизимлари ҳам етказиб берилган. Бироқ улар жанг майдонида қимматли бўлишига қарамай, баланд учувчи самолётларга етиб бора олмайди ҳамда муҳим инфратузилмани юқори даражада ҳимоя қилолмайди.

Нодиржон Мадаминов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Украина ракеталар ҳаво мудофаа тизими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг